Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Оловда ёнмаган аёл юраги...

Оловда ёнмаган аёл юраги...

Орлеан. Жанны Д’Арк ёдгорлиги. Фото: li.ru

Франция тарихида «юз йиллик уруш» деб аталган қирғинбарот давом этарди. Инглиз босқинчиларига ҳеч қандай куч бас келолмайдигандек туюларди. Кутилмаганда эл-улус ўртасида узунқулоқ гаплар тарқалди: нима дейсан, афсунгар Мерлин башорат қилганмиш – яқин орада қўлига ойболта тутган бир қиз пайдо бўлармишу ҳамманинг нажоткорига айланармиш…

Авлиёна каромат кўп ўтмай ҳақиқатга айланди – тарих саҳнасига Жанна исмли қиз чиқди. Айтишларича, авваллари ҳеч ким танимаган-билмаган деҳқон оиласига мансуб чўпон қиз туш кўрибди. Тушига арвоҳ кириб, унга «Ватан қисмати фақат сенинг қўлингда!» дебди.

Албатта, миш-мишлар ўз йўлига, аммо бир нарса аниқ: ўша чўпон қиз вақти-соати келиб, ростданам эл-юрт корига яради. Ўз атрофига қўшин тўплаб, душман сари бошлади. 1429 йил май ойида илк ғалабага эришди – Орлеан шаҳрини душман истибдодидан озод этди. Шунга кўра, «Орлеан қизи» деган шарафли номга сазовор бўлди.

Бу француз халқининг халоскори, мислсиз жасоратлари асрлар оша тилларда достон бўлган, Франция тимсолига айланган афсонавий қиз Жанна д'Арк эди. Юзаки қараганда, сиз у ҳақда гўёки барча маълумотга тўлиқ эгасиз. Аслида-чи?..

У аслида ким эди оддий деҳқон қизими ёки сарой маликаси?

Франция тарихи ассоциацияси аъзоси – олим ва тадқиқотчи Робер Амбеленнинг «Тарих фожиалари ва сирлари» асари билан танишган киши ғалати хулосадан огоҳ топади. Муаллиф фикрича, Жанна деҳқон хонадонида дунёга келмаган, балки Франция қироличаси Изабелла Боварскаянинг никоҳсиз туғилган фарзанди бўлган. Тадқиқотчи сўзининг исботи сифатида қуйидаги далилларни келтиради: Жанна ҳали жасорат кўрсатмасиданоқ ўзига яраша иззат-икром топганди. Аниқроғи, ўша вақтларда кўплаб имтиёз ва имкониятлар берадиган ўз жанговар байроғига эга эди. Унинг фақат қироллар авлодигагина насиб этадиган олтин шпорлари (отлиқларнинг этиги пошнасига қотириладиган тепки), шунингдек, тайинли мулозимлари ва таниқли зодагонлардан иборат штаби бор эди.

Замона зайлини эътиборда тутсак, бундай хизмат доирасига қора халқ вакиллари кира олмасди. Ва ниҳоят, Жанна саройга кириб келганида аслида Бетрен дю Гекленга тегишли шамширни ўзига беришларини талаб қилганди. Геклен бетакрор қаҳрамонликлари ила довруқ қозонган машҳур рицарлар жумласидан эди. Шу боис унинг шамшири том маънода табаррук ҳисобланар ва бебаҳо мерос сифатида қирол саройида сақланарди. Амбеленнинг таъкидлашича, бу қурол Орлеаннинг марҳум герцогига, янаям аниқроғи, Жаннанинг отасига васият қилиб қолдирилган. Инчунин, Жанна шамширни сўрашга журъат эта олган ҳамда ҳеч бир монеликсиз уни қўлга киритган. Борди-ю, у герцогнинг қизи бўлмаганида, саройга киролмас, кирган тақдирида ҳам, қиличга эга чиқолмасди. Акс ҳолда, бундай талаб қўйишини тасодифий одамнинг жавоҳирлар хазинасига кириб, подшоҳ тожини олиш пайида бўлишига менгзаш мумкин эди.

Мерлиннинг каромати нечоғли тўғри чиққанини ўрганишга чоғланган қирол табиби йўл-йўлакай яна бир далилга ойдинлик киритади. Маълум бўлишича, Жанна шамширдан ташқари, жанговар ойболтани ҳам беришларини талаб қилган экан. Бу қурол эса моҳир усталар томонидан унга атаб олдиндан махсус ясалган, тиғи юзасига мўъжазгина тож тасвири туширилган ва французча «Ж» ҳарфи ўйиб битилган.

Амбелен Жанна аслзодалардан эканлигини тушунтираркан, «Қиздаги ноёб фазилатлар унга отаси Луи Орлеанскийдан ўтган» деган мазмундаги ғояни олға суради. Масалага мантиқан ёндашганда, бу фикрда жон борга ўхшайди. Негаки, Луи Орлеанский ҳам келажакни олдиндан кўра билиш қобилиятига эга бўлган. Масалан, бир сафар у ўзи қачон ўлдирилишини дўстларига айтиб, ҳатто бу даҳшатли қотиллик қандай вазиятда рўй беришини ипидан игнасигача аниқ-тиниқ тасвирлаб берган.

Америкалик парапсихолог Ж.Уокер ҳам Амбелен хулосасига ҳамоҳанг фикрларни ўртага ташлайди. Жанна туғилганиданоқ мўъжизавор хислатларга эга бўлгани назардан қочирилмаса, унинг кейинги тақдирига оид барча жумбоқлар ўз-ўзидан ойдинлашиши мумкин, деб ҳисоблайди.

Солномачиларнинг гувоҳликлари бўйича, Жанна д,Арк ҳаёти билан боғлиқ ақл бовар қилмас жамики ҳодисалар у парилар ҳузурида меҳмон бўлиб қайтганидан сўнг бошланган. Жанна яшайдиган қишлоқ ён-атрофида Шеню ўрмони ястаниб ётарди. Шу ердаги мўъжазгина дарёнинг тик қирғоқлари қалин қарағайлар билан қоплаганди. Уларнинг орасида, маҳаллий халқ айтиб юрадиган ривоятларга кўра, парилар дарахти ҳам ўсарди.

Жажжи Жанна ўрмонда кезишни хуш кўрарди. Бир куни навбатдаги сайрдан қайтади-ю, ота-онасини ғаройиб воқеадан огоҳ этади: у кекса қора қайинга яқинлашганида қаршисида гўёки афсоналар ўлкасининг эшиги ланг очилган эмиш! Ичкарига киргач, парилар қиролининг шахсан ўзи кутиб олганмиш ва келажак тақдирига нималар ёзилганини башоратлаб берганмиш. Шундан сўнг Жаннанинг наздида унинг олдига тез-тез арвоҳлар келадиган, қулоғига алланечук товушлар эшитиладиган бўлиб қолганмиш...

Ажабланарлиси шундаки, Жанна ўз умр хатига тақдир қай тарзда нуқта қўйишини олдиндан сезган ва бундан яқин кишиларини вақтида воқиф этган. Ўшанда Сан-Жак черкови теграсида турган қўшин навбатдаги жангга ҳозирлик кўраётган эди. Қўққисдан Жаннанинг вужудини яна илоҳий ҳис-туйғулар чулғади. У одатдагидек ерга чўккалади-да, кўзларини юмган кўйи тош қотди. Нималар бўлаётганини илғаган дўстлари халақит беришмади. Анчадан сўнг Жанна ўзига келиб, шундай деди: «Менга хиёнат қилдилар... Мени сотдилар... Мен бу қабиҳликка қўл урувчиларни биламан. Фақат битта афсусим бор, энди сизларга ҳеч қанақа кўмак беролмайман. Чунки ҳадемай ўлим қўлига топшириламан...»

Қўмондонлар ҳужумни бошқа вақтга қолдиришни сўрашди. Аммо Жанна  рад этди. Оқибатда душман билан тўқнашув пайти бургундлик ёйандоз уни асир олди. Кутилган хоинлик ҳам айни шу лаҳзаларда содир бўлди. Капитан Гильом Флави Жаннанинг жангчилари чиққан дарвозани беркитиш ва кўтарма кўприкни кўтаришни буюрди. Қарабсизки, қалъа ичида қолиб кетган аскарлар Жанна д'Аркка ёрдамга етиб боролмади...

Жаннанинг ажойиб-ғаройиб хислатлари тўғрисида ғанимлари ҳам хабардор эдилар. Шунданми, улар жасур қизни, аввало, жодугарликда айблашди. Авлиё оталар ва суд-полиция маҳкамаси вакиллари энг қалтис дамларда Жаннанинг жонига оро кирган товушлар аслида нима эканлигини қайта-қайта сўрайвериб, уни ўз ҳолига қўймадилар. Қийноқли сўроқлар сурункасига бир неча ой давом этди.

Бир сафар қизиқ воқеа содир бўлди. Азоблашлар авжига чиққан маҳали ҳолдан тойган маҳбуса безгак касалига чалиниб, эс-ҳушини йўқотаёзди. Зудлик билан ҳибсхонага чақирилган табиб соғлиғини текшириб кўргач, «Энди тиббий муолажанинг ҳожати йўқ, у барибир ўлади» дегандай, чорасиз қўл силтади. Бироқ шу асно яна мўъжиза такрорланди. Қизнинг қулоқлари остида анчадан бери эшитилмай қолган овозлар янграй бошлади. Агар халақит беришмаганида, у икки-уч кунга қолмай, ўша давр учун давосиз саналган дарддан халос бўлиб, оёққа туриб кетарди.

Афсуски, «жодугар»ни гулханда ёқишди. Шунда аввалгидан-да ҳайратомуз воқеанинг гувоҳи бўлишди. Кўмир қолдиқлари ва кул уюмлари орасидан маҳкуманинг мутлақо куймаган, заррача заха етмаган соппа-соғ юрагини топишди.

Хўш, Жанна чинданам ғайбдан келадиган товушларни эшитармиди? Шундай бўлса, улардан онгли равишда тўла-тўкис фойдаланармиди?

Очиғи, бу ҳақда тайинли маълумотлар сақланиб қолмаган. Фақат бир нарсани тахминлаш мумкин. Ўзидаги ғайритабиий қобилиятларни юзага чиқаришида Жаннага айрим кишилар устозлик қилган бўлишса ажаб эмас. Улардан бири ватанпарвар қизга кўплаб ҳарбий юришларда ҳамкорлик қилган маршал Жил де Ре эди. Карл Еттинчига тож кийдириш маросими акс эттирилган баъзи расмларни кузатсангиз, Жанна қиролнинг ўнг тарафида, Жил де Ре эса чап томонида турганини кўрасиз. Бу маршал ўз замонасининг таниқли кимёгарларидан бўлиб, қадимий эзотерик илмлар билимдони эди. У Жаннанинг мўъжизавор истеъдодини амалда даҳшатли қуролга айлантириб юбориши ҳеч гап эмасди. Жанна қатл қилингач, Жил де Ре ҳам махсус маҳкама томонидан ҳибсга олингани, жодугарликда айбланиб, гулханда куйдирилганининг сабаби, эҳтимол, шундадир...

Келажакни фаҳмлаш қора кучлар – жодугарларга дахлдор деган даъволарга жавобан оддий бир ҳақиқатни эслатиб ўтиш жоиз: жануб диний ташкилоти 1920 йили Жанна д'Аркни авлиёлар сирасига киритди ва шу зайл унинг номини бутунлай оқлади.

Шак-шубҳасиз, Жанна д, Аркнинг фоний дунёдаги ҳаёти бошдан-оёқ сир-синоатларга тўла. Мабодо, уларни тушунтириб бериш учун қандайдир асослар топилганда ҳам, барибир, битта воқеа мавҳумлигича қолаверади. Довюрак қизнинг бутун жисми ўтда куйиб кул бўлгани ҳолида, юраги қандай омон қолди? Бу аслида Худонинг қудратидан, Жанна биз яшаб турган дунё вакили эмаслигидан далолат эмасми?

Жаннанинг жисмини Рўшнолик ва Эзгуликнинг азалий соҳибаси забт этгани боис унинг юраги беқиёс куч-қувват манбаига айланган. Бу юрак тафти сизу биз биладиган олов тафтидан анча баланд бўлган. 1430 йили Руан шаҳри майдонида, ўн мингларча одамлар кўз ўнгида Жаннани ловуллаган гулханда куйдиришди. Шунда Ориола жизғанаги чиққан танани оҳиста тарк этди-ю, чеки-чегараси йўқ Кўкка сингиб кетди. Бўлган воқеани кўрган кишилар кейинчалик гулхан ёлқини узра юксакликка кўтарилган «алланарса» аслида кабутар ёки «Аллоҳнинг фариштаси»га жуда-жуда ўхшашлигини айтишган. Мана энди Жанна нима сабабдан суд аъзоларига қарата: «Мени ўзим келган жойга – Яратганнинг ҳузурига юборишларингизни сўрайман» деганини тушунгандирсиз.

...Дарвоқе, ўз эл-юртини душман зулмидан халос этишга бел боғлаган ёш қизнинг жонига қасд қилганлар ҳам қисмат ёзиғидан қочиб қутулолмади. Кўп ўтмай уларнинг барчаси қилмишига яраша ажр олди. Жумладан, Жанна д'Аркни гулханда ёқишга фатво берган епископ Кошоннинг ўзи ҳам айнан шундай жазога лойиқ деб топилди.

А.Ҳайдаров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг