Путин КХШТ кучларини рус қуроллари билан қуроллантирмоқчи
Путин Бишкеκда бўлиб ўтган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) саммитида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Унинг таъкидлашича, КХШТ ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда Евразия маконида барқарорлик ва хавфсизликни кафолатловчи асосий структура бўлиб қолмоқда.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия КХШТнинг ҳарбий қувватини мустаҳкамлашда, айниқса, авиация кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини янада ривожлантиришни муҳим деб билади.
Унинг таъкидлашича, бу йўналиш ташкилотнинг биргаликдаги тезкор ҳаракатланиш қобилияти ва минтақавий хавфларга жавоб бериш салоҳиятини оширади.
У, шунингдек КХШТ ҳарбий кучларини Россиянинг замонавий қурол-аслаҳалар билан жиҳозлаш дастурини ишга туширишни таклиф қилди.
Россия етакчиси бу ҳақда тўхталар экан, ташкилот кучларини «махсус ҳарбий операция давомида самарадорлиги исботланган россиялик қуроллар билан» қуроллантиришни таклиф қилган.
Шу билан бирга, ҳарбий соҳада технологик етакчиликни таъминлаш учун мамлакатлар ўртасида ҳамкорлик кенгайтирилиши, мудофаа-саноат корхоналари кооперацияси чуқурлаштирилиши таъкидланди.
Россия КХШТнинг янги аксилтеррор стратегиясини биргаликда тайёрлашни ҳам таклиф қилмоқда. Террорчилик гуруҳлари ва уларнинг молиялаштириш каналларига чек қўйиш бўйича ишлар давом эттирилади.
Маълумот учун, КХШТнинг навбатдаги саммити 2026 йил 11 ноябр куни Москвада бўлиб ўтиши белгиланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter