Трамп Путин режасига эргашяпти – евродепутат
Эстониялик евродепутат, генерал-лейтенант Рихо Террас Европадаги сиёсий муҳит ва Украинага оид АҚШ таклиф қилаётган тинчлик режаси ҳақида қаттиқ танқидий фикрлар билдирди.
Euronews’га берган интервьюсида Террас Вашингтон таклиф қилаётган дастлабки 28 бандли тинчлик режаси Украинага нисбатан адолатсиз экани ва бу Россия манфаатларига тўлиқ мос келишини айтади.
«Украина армиясини қисқартириш, кенг кўламли ҳудудий йўқотишлар, НАТОга аъзо бўлишга вето ва бошқа «капитулятив» шартлар Украина учун «таслим бўлишга мажбур қилиш»дан бошқа нарса эмас», – дейди евродепутат.
Террас, ўз навбатида, АҚШ президенти Дональд Трампни ҳам кескин танқид қилади.
«Мен жуда ҳайронман: Трамп Путиннинг капитуляция режасига югурдак бўлиб қолган», – дейди у.
Унинг фикрича, Америка ҳозир Россия риторикасига жуда осон ишонмоқда ва бу Европанинг хавфсизлиги учун жуда хатарли.
Европа ҳали ҳам Украинага ёрдам масаласида секинлик қилаётгани Террасни ташвишга соляпти. Унинг қайғуришича, Украина 2026 йилда катта маблағга муҳтож бўлади. Бироқ Европа ҳали ҳам молиявий қарорларни ортга силжитяпти. Аслида замонавий хавфлар фақат Украинага эмас — бутун Европага тааллуқли.
«500 миллион аҳоли ва 29 трлн евро ЯИМга эга Европада Украинага ҳақиқий ёрдам бериш учун маблағ топилмаслиги — баҳона», – дейди Террас.
Депутатнинг билдиришича, Европа Иттифоқи Украина учун янги молиявий механизм устида ишлаяпти. Бу Бельгияда музлатилган россиялик активлар ҳисобидан репарацион кредитни ўз ичига олади.
«Юридик жиҳатдан қийин жараён, лекин ҳужжат тез орада тайёр бўлиши кутилмоқда», – дейди Рихо Террас.
Шу билан бирга, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам Россиянинг агрессия режаси ўзгармаганини таъкидлайди ва «Украина — фақат бошланиш бўлиши мумкин»лиги ҳақидаги хавотирини билдиради.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter