Қатл ёқасидаги масхарабоз
Трибуле – 1498 йилдан 1515 йилгача ҳукмронлик қилган Франция қироли Людовик XII нинг машҳур масхарабози эди. Трибуле шунинг учун машҳурки, бир куни у шоҳнинг елкасига қоқиб қўяди.
Бу ҳаракат қиролни қаттиқ ғазаблантиради. У асабий ҳолда Трибулени қатл этиш билан таҳдид қилади.
Бироз вақт ўтиб, шоҳнинг ғазаби босилади ва шундай дейди:
– Мен сени афв этишим мумкин. Аммо шундай баҳона ўйлаб топгинки, у қилган ишингдан ҳам кўпроқ ҳақоратли бўлсин.
Шунда Трибуле ҳозиржавоблик билан табассум қилиб жавоб беради:
– Жудаям афсусдаман, ҳукмдорим! Мен сизни танимабман, сизни малика деб ўйлабман!
Жавоб жуда оқилона ва ҳақоратли бўлишига қарамай, у қиролнинг тақиқини бузган – ҳеч кимнинг маликани масхара қилишга ҳаққи йўқ эди. Шу боис, қирол яна дарғазаб бўлиб, Трибуленинг қатлини тасдиқлайди. Аммо шундай дейди:
– Яхши, ўлим усулини ўзинг танла.
Трибуле ҳеч иккиланмасдан қулоғини қисиб жавоб беради:
– Қадрли ҳукмдорим, муқаддас Нитуш ва муқаддас Панзар – жиннилар ҳомийлари номидан илтимос қиламан: менинг танловим – қариликдан ўлишдир!
Бу жавобдан қиролнинг ўзи ҳам кулгидан тўхтай олмайди. Натижада, у қатл ҳукмини қайтариб, Трибулени шунчаки қиролликдан ҳайдаб юборишга қарор қилади.
Трибуле ўзининг донишмандона ҳазили ва зукколиги билан, ҳатто ўлим остида ҳам шоҳни кулдирган ва шу билан ўзининг ҳаётини сақлаб қолган эди.
А.Фатҳуллаев


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter