Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Россия Украинани қақшатқич ўққа тутди: «Орешник» қўлланилган бўлиши мумкин

Россия Украинани қақшатқич ўққа тутди: «Орешник» қўлланилган бўлиши мумкин

Россия қўшинлари жумага ўтар кечаси Киев шаҳрини дронлар ва ракеталар орқали ҳужумга тутди. Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида камида тўрт киши ҳалок бўлган, 16 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олган.

Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг билдиришича, ҳалок бўлганлар орасида чақирувга чиққан тиббиёт ходими ҳам бор. У Дарницкий туманига борган вақтда БПЛА кўп қаватли уйга келиб урилган. Шунингдек, Днепровский туманида ҳам турар жой биносига зарба берилган. Деснянский туманида савдо маркази ҳудудида ёнғин қайд этилган, Печерский туманида эса 24 қаватли нотурар жой биноси шикастланган.

Кличконинг таъкидлашича, муҳим инфратузилма объектларига етказилган зарар сабабли шаҳарда электр энергияси ва сув таъминотида узилишлар кузатилмоқда.

Львов вилоятида ҳам Россия зарбаси натижасида муҳим инфратузилма объекти зарар кўрган. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий хабар қилди. Украина ОАВларига кўра, ҳужумнинг эҳтимолий нишонлари сифатида Стрий газ кони ва ер ости газ омбори қайд этилмоқда.

Львов вилоятига берилган зарбадан бир неча соат олдин мониторинг каналлари Россиянинг Астрахань вилоятида жойлашган «Капустин Яр» полигони атрофида «ноодатий фаоллик» кузатилганини маълум қилган. Айнан ушбу полигондан 2024 йил ноябрь ойида Днепр шаҳрига «Орешник» гипертовушли баллистик ракета учирилган эди.

Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари Ғарбий қўмондонлиги маълумотида айтилишича, Россия 8 январь куни соат 23:47 да Львовдаги инфратузилма объектларига баллистик ракета билан зарба берган. Ҳаво мақсади баллистик траектория бўйлаб соатига тахминан 13 минг километр тезликда ҳаракатланган.

Айни пайтда «Орешник» ракетаси қўллангани расман тасдиқланмаган. Украина Қуролли кучлари маълум қилишича, ракета тури унинг барча қолдиқлари ўрганилгандан сўнг аниқланади.

Соат 04:27 да Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари расмий вакили Юрий Игнат «Украинская правда» нашрига берган изоҳида Львовга берилган зарба «Капустин Яр» полигонидан амалга оширилган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, эҳтимолий учиришлар айнан ушбу полигондан амалга оширилган, Львов вилоятида портлаш овозлари эшитилган, айни пайтда маълумотлар аниқлаштирилмоқда.

Маълумот учун, Россия «Орешник» ракетасини Украинага қарши илгари фақат бир марта — 2024 йил 21 ноябрда Днепрдаги «Южмаш» ракета заводига қарши қўллаган эди.

Шу билан бирга, Украина ОАВлари Киевга нисбатан «Кинжал» гипертовушли авиация ракеталари ва «Калибр» қанотли ракеталари қўллангани ҳақида ҳам хабар бермоқда. Пойтахтда кўплаб қурбонлар борлиги айтилмоқда.

Айрим украин манбаларига кўра, Львов вилоятига берилган эҳтимолий «Орешник» зарбаси натижасида 36 та бўш жанг каллаги тушиб қолган.

Киевда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга туширилган. Бу ҳақда шаҳар мэри Виталий Кличко Telegram канали орқали хабар бериб, аҳолини паноҳгоҳларда қолишга чақирган.

Украинанинг «Суспiльне» ва ТСН нашрлари Киевда портлашлар ҳақида хабар қилмоқда. Львов шаҳри мэри Андрей Садовой ҳам шаҳарда портлашлар бўлганини тасдиқлаб, фуқароларни паноҳгоҳларга ўтишга чақирди.

Айни пайтда расмий идоралар Львовга «Орешник» ракетаси қўллангани ҳақидаги маълумотни расман изоҳламаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг