Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тожикистон ТИВ 4-синф ўқувчисининг ўлими ортидан рус элчисига расмий нота топширди

Тожикистон ТИВ 4-синф ўқувчисининг ўлими ортидан рус элчисига расмий нота топширди

Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григориев Москва яқинидаги мактабда тўртинчи синф ўқувчиси Қобилжон Алиевнинг ўлдирилиши муносабати билан мамлакат Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида рус элчисига «Россия томонидан ушбу фожиали ҳодиса бўйича зудлик билан, объектив ва холис тергов ўтказиш ва барча иштирокчиларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш талаби» қўйилган нота топширилгани айтилади. 

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон фуқароси, 10 ёшли Қобилжон Алиев 16 декабр куни Москва вилояти Одинцовский шаҳар округидаги мактабда шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Тимофей К. томонидан пичоқлаб ўлдирилган. Тимофей ўз ҳаракатларини видеога олиб, шахсий Телеграм каналига жойлаштирган. Хусусан, болаларга ҳужум қилишдан олдин у улардан фуқаролигини сўраган.

Москва вилояти Тергов қўмитаси ҳозирда қотил қўлга олингани ва ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилганини хабар қилди.

Манбаларнинг ёзишича, қотил бир неча кун давомида ҳужумга тайёргарлик кўрган. Бу вақт ичида у 11 саҳифали «Менинг ғазабим» номли манифест ёзган ва уни синфдошларига юборган.

Матнда у жамиятга бўлган нафрати, одамларни миллати ва динига қараб ажратиши ҳақида ёзган. Уни билганлар дастлаб бу нимани англатишини тушунмаганликларини айтишади.

Кадрларда Тимофей ҳожатхонада кийимларини алмаштириб, кейин саккиз дақиқа давомида йўлакларда айланиб юриб, ўқитувчилар билан гаплашаётгани кўрсатилган. У синфларга кириб, ўқувчилар ва ўқитувчилар билан гаплашган ва аниқ бир ўқитувчини қидирган.

У, шунингдек яна уч кишини жароҳатлаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг