Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия ва Осиё минтақасидан пул ўтказмалари ҳажми секинлашишда давом этяпти – Марказий банк

Россия ва Осиё минтақасидан пул ўтказмалари ҳажми секинлашишда давом этяпти – Марказий банк

Марказий банк 2025 йилнинг III чораги учун Меҳнат бозори шарҳини эълон қилди. Унда, жумладан, пул ўтказмалари динамикаси ва меҳнат муҳожирлари оқими таҳлил қилинади.

Регуляторга кўра, пул ўтказмалари динамикаси ва меҳнат муҳожирлари оқими 2025 йилнинг учинчи чорагида меҳнат муҳожирлари томонидан Ўзбекистонга жами 5,7 млрд доллар миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,5 фоизга ўсди (2024 йилнинг мос даврида 4,8 млрд).

Жорий динамиканинг шаклланиши асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи мамлакатларда валюта курсларининг нисбатан барқарорлиги, иш ҳақининг ошиши ва иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари билан боғлиқ. III чоракда Болтиқ давлатлари ва бошқа минтақалардан (АҚШ, Россия, Европа ва Осиё минтақаларини ҳисобга олмаганда) ўтказмалар ҳажми ўсиш суръати қолган минтақаларга нисбатан юқорироқ сақланиб қолди.

Хусусан, мазкур минтақалардан пул ўтказмалари 40 фоизга ўсди. Шу билан бирга, Европа, Россия ва Осиё минтақаларидан эса ўтказмалар ўсиш суръатининг секинлашиш тенденцияси давом этди.

Ташқи бозорда, хусусан Россия, Европа ва Болтиқ давлатларида кузатилаётган сўнгги тенденциялар ҳамда ишчи кучига бўлган талабнинг ўсиши пул ўтказмаларидаги жорий динамиканинг шаклланишида муҳим аҳамият касб этган. Бу, ўз навбатида, меҳнат муҳожирлари оқими йўналишлари босқичма-босқич кенгаяётганлигидан далолат беради. Сўнгги йилларда миграция йўналишлари кенгайиши асосан Осиё, Европа ва АҚШ мамлакатларида кузатилмоқда.

Хусусан, 2025 йил 1 октябр ҳолатига Корея Республикасидаги Ўзбекистонлик резидентлар сони йил бошига нисбатан 0,4 фоизга ўсиб, 95,3 мингтани ташкил этди. Туркияда кузатилаётган макроиқтисодий вазиятнинг босқичма-босқич барқарорлашуви шароитида ушбу давлатга миграция оқимининг юқори сақланиб қолиши кузатилмоқда. Буни Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу давлатда берилаётган яшаш рухсатномалари сони ҳамда доимий бўлмаган мигрантлар оқимининг ошиб бораётганлигидан ҳам кўриш мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги маълумотларига кўра сўнгги икки йилда хорижда ишга жойлаштирилган фуқаролар сони ҳам сезиларли ўсган. Хусусан, 2025 йилнинг январ-октябр ойлари давомида 175 мингга яқин меҳнат муҳожирлари хорижга ишга жойлаштириш мақсадида юборилган. Таъкидланишича, Миграция агентлиги орқали Осиё ва Европага юборилган мигрантлар сони сезиларли ошган бўлса-да, меҳнат миграциясининг асосий йўналиши Россия бўлиб қолмоқда. Шунингдек, сўнгги йилларда АҚШда истиқомат қилувчи Ўзбекистонликлар сонининг сезиларли ўсиши кузатилмоқда. АҚШ Миграция сиёсати институти ҳисоб-китобларига кўра 2024 йилда АШҚдаги ўзбекистонликлар сони 2023 йилга нисбатан 8,8 фоизга ўсиб, қарийб 82 минг нафарни ташкил этган.

Ўз навбатида, ушбу даврда АҚШ томонидан тақдим этилган жами визалар сони 4,4 фоизга, Грин карта дастури ва АҚШ компанияларининг ишчи жалб қилиш дастурлари доирасида тақдим этилган визалар сони 17,3 фоизга ўсган.

«Умуман олганда, ташқи бозорларда, айниқса мигрантларнинг салмоқли қисми фаолият юритувчи давлатларда кузатилаётган сўнгги тенденциялар ва бошқа давлатларда меҳнат муҳожирларига бўлган талабнинг ўсиши ҳамда муҳожирлар танловининг ўзгариб бориши меҳнат миграцияси йўналишларининг сезиларли кенгайишига олиб келмоқда», – дейилади Марказий банк шарҳида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг