Экология ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи журнал иш бошлади
Пойтахтимизда соғлом турмуш тарзи, экологик маданият ва онгли истеъмол ғояларини тарғиб этишга қаратилган янги нашр — “Greenleaf Eco” журналининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Журнал замонавий ўқувчига мўлжалланган бўлиб, экологик тоза маҳсулотлар, соғлом овқатланиш, кундалик эко-одатлар, оилавий бюджетни онгли бошқариш, шунингдек аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга оид мавзулар ёритилади. Нашр босма ва электрон форматда чиқиши режалаштирилган бўлиб, кенг аудиторияни қамраб олиши кўзда тутилган.

Ташкилотчилар таъкидлашича, “Greenleaf Eco” журнали нафақат маҳсулотлар ҳақида ахборот берувчи оддий каталог, балки:
• соғлом ҳаёт фалсафасини тарғиб этувчи ахборот майдони;
• экологик масъулият ва онгли истеъмол маданиятини шакллантирувчи платформа;
• ёшлар ва аёллар учун мотивацион ва амалий кўмак берувчи нашр бўлиши мақсад қилинган.

Журнал концепциясида Ўзбекистон ёшлари ва аёллари фаол иштирок этаётгани алоҳида таъкидланди. Таҳририят жамоасининг асосий қисмини ёш мутахассислар ташкил этиб, улар экология, медиа ва тадбиркорлик чорраҳасида янгича қарашларни таклиф қиладилар. Ташкилотчилар фикрига кўра, айнан шу ёндашув журнални бозор ва ўқувчилар олдида рақобатбардош қилади.
Тақдимот дастури доирасида журналда кўтарилган асосий йўналишлар – эко-маҳсулотлар, соғлом турмуш тарзи, экологик таълим, оилавий соғлиқ маданияти ва бизнес имкониятлари бўйича қисқа тақдимотлар ўтказилади.
“Greenleaf Eco” журналининг кейинги сонларида ўқувчилар учун турли танловлар, акциялар ва рағбатлантирувчи лойиҳалар эълон қилиниши режалаштирилган. Фаол ўқувчилар ва обуначилар қимматбаҳо совғалар, эко-маҳсулотлар тўплами ҳамда бошқа мукофотлар билан тақдирланиши кўзда тутилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter