Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қайтарилаётган миллионлар эмас, тикланаётган ишонч (фото)

Қайтарилаётган миллионлар эмас, тикланаётган ишонч (фото)

Фото: Xabar.uz

Ўзбекистонда сўнгги ўн йилликларда энг кўп баҳсларга сабаб бўлган, энг оғриқли саволлардан бири бор эди: коррупция орқали хорижга, хусусан, Швейцария банк тизимига чиқиб кетган миллиардлаб маблағлар тақдири нима бўлади? Бу савол фақат пул ҳақида эмас, адолат, давлатнинг сиёсий иродаси ва жамиятнинг келажакка бўлган ишончи ҳақида эди.

Айнан, шу ижтимоий босим, йиллар давомида тўпланган норозилик ва очиқ муҳокамалар натижасида коррупцияга қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Швейцария Конфедерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ишонч» жамғармаси (Uzbekistan Vision 2030 Fund) айнан шу тарихий эҳтиёждан иборат механизм сифатида майдонга чиқди. Бу жамғарма оддий молиявий тузилма эмас, балки, давлатнинг ўтмишдаги хатоларга муносабати ва келажак олдидаги масъулиятининг синовидир.

Маълумки, Швейцария прокуратурасининг кўп йиллик халқаро терговлари натижасида Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупцион схемалар орқали орттирилган активлар мусодара қилинган эди. Халқаро келишув асосида бу маблағлар Ўзбекистон халқининг манфаати учун қайтарилишига эришилган. 2022 йилда 131 миллион АҚШ доллари миқдоридаги биринчи транш, 2025 йилда эса 182 миллион долларлик иккинчи транш мамлакатга қайтган. Жами 313 миллион доллардан ортиқ маблағ илк бор халқаро назорат остида, аниқ ижтимоий мақсадлар учун сарфланаётган очиқ механизм орқали халққа йўналтирилмоқда.

Бу рақамлар қоғозда қолиб кетмаётгани Бухоро вилоятига амалга оширилган ташрифлар чоғида яққол кўринди. ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбарияти, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирликлари, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакилларидан иборат жамғарма бошқарув қўмитаси жойларда амалга оширилаётган ишлар билан бевосита танишди.

Таъкидланишича, «Ишонч» жамғармаси маблағлари ҳисобидан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳомиладорлик ва чақалоқлар ўлими кўрсаткичларини камайтириш мақсадида 227 та перинатал марказни модернизация қилиш дастури амалга татбиқ этилмоқда. Таълим соҳасида эса инклюзив таълим ва рақамли ўқитишни кучайтириш, мактаблар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич жорий этилмоқда.

Шунингдек, қишлоқ мактабларига йўналтирилган 20 миллион долларлик алоҳида лойиҳа доирасида моддий-техника базаси янгиланган. Сув ва санитария шароитлари яхшиланиб, энергия тежовчи тизимлар ўрнатилмоқда. Натижада 31 500 нафардан ортиқ ўқувчи ва 2 700 нафардан зиёд ўқитувчи учун тўғридан-тўғри фойдаланиш мумкин бўлган шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

«Бухоро вилоятида жамғарма маблағлари ҳисобидан 151 та умумий ўрта таълим мактабида 216 та инклюзив таълим синфи ташкил этилди ва 280 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган бола таълим жараёнига жалб қилинди. «Ишонч-2030» лойиҳаси доирасида Ромитан туманидаги 1-сонли, Когон шаҳридаги 3-сонли ва Бухоро шаҳридаги 45-сонли мактабларда инклюзив таълим муҳитини яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди», — деди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов.

Бухоро ҳокими таъкидлаганидек, бу натижалар ҳудудда таълимда тенг имкониятларни таъминлаш, инклюзив муҳитни босқичма-босқич жорий этиш йўлидаги изчил ислоҳотларнинг амалий самарасидир. Айни пайтда амалга оширилаётган «Vision 2030», яъни Ўзбекистонда таълим имкониятларини кенгайтириш ҳамда «Ишонч 2030» лойиҳалари вилоятда таълим ва ижтимоий инфратузилмани мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда.

Режалар бундан ҳам катта бўлиб, Бухородаги қолган 454 та мактабда ҳам тўлиқ инклюзив таълим муҳитини яратиш, ўқитувчиларнинг касбий компетенцияларини ошириш, рақамли ва инклюзив таълим методларини кенг жорий этиш кўзда тутилган.

Бироқ, жамғарма атрофидаги энг муҳим савол пулнинг қаерга сарфланаётганида эмас, балки, у қандай назорат қилинаётганида. «Xabar.uz» мухбири томонидан берилган саволлар ҳам, айнан, жамиятни ўйлантираётган нуқталарга қаратилди: бу маблағлар сарфида яна коррупция хавфи йўқми, шаффофлик қандай таъминланади, самарасиз ёки мақсадсиз сарфлаш учун ким жавоб беради ва энг муҳими, бу пуллар ҳақиқатан ҳам коррупциядан жабр кўрган аҳоли қатламларига етиб боряптими?

БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Мачл жавобида «Ишонч» жамғармаси Ўзбекистон тарихида илк бор хорижда мусодара қилинган коррупцион активлар халқаро назорат остида, аниқ ижтимоий мақсадлар учун сарфланаётган механизм эканини алоҳида таъкидлади. Ҳар бир доллар режалаштиришдан тортиб, ижрогача бўлган босқичларда ЮНЕСКО, тегишли вазирликлар ва Швейцария элчихонаси иштирокида қатъий кузатувда эканини билдирилди.

Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский эса бу жамғарманинг ҳақиқий муваффақияти фақат молиявий ҳисоботларда эмас, ҳар бир доллар қаерга кетганини жамоатчиликка очиқ, содда ва танқидга тайёр тарзда тушунтиришда эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу пуллар давлатники ёки мансабдорларники эмас, халқники!

«Нотўғри йўллар билан хориж банкларига чиқиб кетган маблағларни тиклаб, уни ижтимоий, маданий ва иқтисодий лойиҳаларга йўналтириш имкони ва кўлами юқори. Молиявий ҳисоботлар оммага тақдим этилади ва жойлардаги натижалар баҳоланади. Бироқ, жамғарманинг ҳақиқий муваффақияти: агар ҳар бир доллар қаерга кетгани жамоатчиликка содда, очиқ ва танқидга тайёр тарзда тушунтирилса. Биз, сиз журналистлар билан шу муваффақиятга эриша оламиз. Чунки, бу пуллар давлатники ҳам, мансабдорники ҳам эмас. Бу пуллар халқники!» — деди у.

Хулоса шуки, бу жараён миллионлар тақдири ҳақида эмас, ишонч тақдири ҳақида. Бу давлат учун имтиҳон, халқаро ҳамкорлар учун масъулият ва кенг жамоатчилик, айниқса, журналистлар ва фуқаролик жамияти учун бурчдир. Агар ушбу маблағлар ҳам ёпиқ ҳисоботлар ва расмий баёнотлар орасида йўқолиб кетса, жамият яна бир бор ишончни йўқотади. Ҳар бир лойиҳа натижаси очиқ муҳокама қилинса, танқиддан қочилмаса, «Ишонч» жамғармаси ҳақиқий тарихий бурилишга айланади.

Зеро,  Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси айтганидек, бу пуллар халқники. Ва халқ ҳисоб сўрашга ҳақли.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг