Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сўх анклавининг айрим ҳудудларида курорт зона ва кўнгилочар масканлар қурилади

Сўх анклавининг айрим ҳудудларида курорт зона ва кўнгилочар масканлар қурилади

Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш йўналишида келгуси йил учун яна бир вазифани – сервис лойиҳаларини кўпайтириб, аҳоли бандлигини таъминлаш лозимлигини таъкидлади.

Мамлакатда энг юқори ўсиш суръатини таъминлаётган соҳа хизматлар соҳаси экани таъкидланди.

Лекин вилоят, туман ҳокимлари хизматлар соҳасига катта суръат бераётган туризмни ривожлантириш орқали иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадини кўпайтириш имкониятларини тўлиқ ишга солмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Туризм салоҳияти юқори 150 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланса, хизматлар ҳажмини 10 триллион сўмга етказиш, 45 минг нафар одамни савдо ва сервисда банд қилиш мумкин.

Шу боис, келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 миллиард сўмдан берилади.

Вилоят, туман ҳокимлари, Туризм қўмитасига йил якунигача барча маҳаллалар учун мастер режа қилиш, ер аукционлари ва лойиҳаларни тадбиркорларга эълон қилиб, қурилиш ишларини бошлаш топширилди.

 Туман банклари бу жойларда меҳмон уйлари барпо этиш учун 150 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратишни йўлга қўяди.

Чегара ва анклав ҳудудлардаги 563 та маҳаллага туман ҳокимлари етарли эътибор қаратмаётгани қайд этилди.

У ерларга олиб борувчи йўллар таъмирланиб, меҳмон уйлари, дам олиш маскани, савдо-сервис обектлари ташкил қилинса, 50 минг хонадоннинг даромади кўпаяди.

Масалан, Сўх дарёсининг Сариканда, Ровон, Истиқлол маҳаллалари ҳудудидан ўтган 5 километр қисмида курорт зона ва кўнгилочар маскан ташкил қилинса, йилига 30 минг сайёҳ келади. Бунинг ҳисобига 200 та оиланинг даромади ошади.

Агар ҳар бир ҳоким 563 та маҳаллада ишни шу тартибда йўлга қўйиб, камида 100 минг одамни банд қилса, 25 минг оилани камбағалликдан чиқариш мумкинлиги қайд этилди.

Умуман, келгуси йилда бу маҳаллалардаги аҳоли турмушида вазият кескин ўзгариши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Ушбу маҳаллаларда дам олиш ва сервис объектларини қуриш лойиҳалари учун 1 триллион сўм ресурс ажратиш топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг