Тошкентдаги иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 апрелдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳри ва вилоятида жойлашган иссиқхона хўжаликлари босқичма-босқич Сурхондарё вилоятига кўчирилади.
Қарорга мувофиқ, Сурхондарё вилоятига кўчирилаётган хўжаликлар учун замонавий инфратузилма яратилади ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади. Шу билан бирга, Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш босқичма-босқич тўхтатилади. Бу жараён белгиланган муддатлар асосида амалга оширилади.
2026 йил 1 июндан бошлаб Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида кўмир ва мазут каби экологик зарарли ёқилғилардан фойдаланадиган янги иссиқхоналарни ташкил этиш тақиқланади.
2026 йил 1 августдан эса ушбу ҳудудлардаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади. Амалдаги шартномалар газ таъминоти ташкилотлари томонидан бекор қилинади.
Бундан ташқари, иссиқхоналар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун тўловлар саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг беш бараварида ҳисобланади. Солиқ сиёсати ҳам қатъийлаштирилиб, ер ва мол-мулк солиғи 10 баравар оширилган коэффициентларда қўлланади.
Ушбу қарорга кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятида иссиқхоналар кўчирилгандан кейин бўшайдиган ер майдонлари қайта йўналтирилади. Уларда интенсив боғдорчилик, узумчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш ёки «яшил боғлар» ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, давлат мулки бўлган ва ижарага берилган ерларда иссиқхона фаолияти тўхтатилади ҳамда бу ҳудудларда капитал қурилиш ишларини амалга ошириш тақиқланади. Сурхондарё вилоятига кўчириладиган тадбиркорлар учун эса «Сурхон-Агро» дастури доирасида имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter