103 га кирган «Муштум», Киркоровнинг гонорари...
Ўзбек адабиётининг биринчи романнависи, улуғ адибимиз Абдулла Қодирий асос солган «Муштум» журнали 103 ёшга кирди (1923 йил 18 февраль). Дастлаб у «Туркистон» газетасининг иловаси сифатида чиқарилган. Адади 3000 дона бўлган. «Муштум» маъно жиҳатидан зўравонлик муштини эмас, балки адолатпарварлик мушти эканлиги ҳақида Қодирий ўшанда ёзган эди. Кейин ушбу журнал доимий равишда нашр қилинадиган, саҳифаларида танқидий-таҳлилий мақолалар, фельетонлар чоп этиладиган бўлди. Хўш, «Муштум»нинг бугунги мушти қай даражада? Биз шу ҳақда журнал бош муҳаррири Носиржон Тошматов билан суҳбат қурдик.
– Носиржон ака, «Муштум»да кимларнинг асарлари чиқмаган дейсиз! Абдулла Қодирий, Ғози Юнус, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон... Газета-журналлар деярли ўқилмаётган бугунги кунда таҳририятингизда неча нафар ходим ишлаяпти ва уларнинг вазифалари нималардан иборат?
– Агар жиддий ўйлаб кўрсангиз, «Муштум» отлиғ ҳажв-саркардаси пайдо бўлганидан буён, ўзбек адабиётида номи танилган барча қалам аҳлининг ижоди журнал саҳифалари юзини кўрган. Энг жиддий шоир Миртемиру Мақсуд Шайхзодадан тортиб, Муҳаммад Юсуфу Баҳром Рўзимуҳаммадгача ҳажв кучларини синаб кўришган.
Ўзи истеъдод қанча юқори бўлса, унинг ҳажв кучи ҳам юқори бўлади. Байрон, Пушкинларнинг эпиграммаларини эсланг. Қодирийнинг жиддий асарлари билан ҳажвияларини тарозига қўйиб кўринг-чи, бири биридан кам келмайди. Матмуса-чи?.. Улуғ лирик шоиримизнинг ўлмас қаҳрамони.
Бугун «Муштум»нинг аравасини 5-6 чоғли ходим, халқимиз ичидаги ҳажвчилар кўмагида юргизиб турибмиз. Чунки, журналнинг кучи ҳам, элга севимлилиги ҳам азалдан – унинг саҳифаларида эл ичидаги истеъдодларнинг мунтазам иштирокига боғлиқ бўлган.
– Бугун «Муштум»дек журнални чиқариш осон иш эмас. Харажатлар «чақиб» қўяди. Айнан шу туфайли у маълум муддат чиқмай ҳам қолганди. Ҳозирги кунда журнал мазмун-мундарижасини нималар ташкил этяпти?
– Аллоҳга беадад шукурлар бўлсинки, миллат маънавияти жонкуярлари журналга ҳомийлик қилиб туришибди. Ижтимоий тармоқларимизда узвий рекламани йўлга қўйганмиз. Айни пайтда харажатлар «чақяпти» десак, ношукурлик бўлади.
Мазмун-мундарижаси – ўз йўналишидан оғишмай келяпти. Лекин, бир нарсага эътибор беришингизни истардим: кейинги пайтларда босма нашрлардан, аҳволингиз яхшими, деб сўраш тирикмисиз, деган билан баробар бўлиб қолган. Ҳаммага ойдек равшан, босма нашрлар – жонлантириш хонасидаги бемор аҳволида...
– Сизнингча сабаби?..
– Менимча, босма нашрлар ҳали-ҳануз шўро даврида яратилган қолипдан чиқиб кета олмаяпти. Бунинг бир нечта сабаблари бор. Китоб – китобхон билан, газета ва журналлар – ўқувчилари билан тирик. Қаранг, шахсан Президентимиз ташаббуси билан китобхон ёшларга машиналар туҳфа қилинди.
Босма нашрлар ва ўқувчилари ўртасидаги кўприкка ўт кетганига анча бўлган. Оддий мисол: биргина туманда матбуот нашрларини ўқувчисига етказиб берадиган нечта газета дўкони, кутубхона, китоб дўконлари, почта ходимлари бор эди? Обуна кампаниясининг шиддати пахта терим кампаниясидан кам эмасди. Мен мажбурий обунага тиш-тирноғи билан қарши одамман. Умуман, «мажбур» деган сўзни жиним суймайди. Аммо тарғибот-ташвиқот ва... обунани молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари бўлар эди-ку?..
Шу ўринда бир кулгилик ва йиғлагулик ҳолат эсимга тушиб кетди.
2021 йили Киркоров келиб, битта қўшиқ куйлаганига 127 минг доллар қўшиқ-ҳақи берган эканмиз. Бу – ётди-турди, еди-ичди харажатларидан ташқари. Тасаввур қиляпсизми?.. Бу қўшиқ кимнинг эсида қолди-ю, ким ундан баҳра топди?..
Ўзи энг ёмон кўрганим: бировнинг пулини ҳисоблаш. Лекин, агарчи бу пул қоракўзларимизнинг ҳақи бўлганидан кейин, манови кўксимдаги қайсар, «Нега ҳисобламаслигинг керак?!» дея тинч қўймайди. Битта шу қўшиққа тўланган ҳақни Ўзбекистондаги жами мактабларнинг ҳар битта кутубхонасига ўртача 20 минг сўмлик китобдан 700 донадан тарқатса бўлар экан.
Агар шу пул 103 ёшга кирган «Муштум»га инъом қилинса, камида яна 103 йил бемалол журнални чиқарса бўлади.

– Оғзига кучи етмаган баъзилар «Муштум» ҳақида «негативчилар» дейди. Танқиднинг кучи, аниқроғи, аччиқ ҳақиқатни очиб бериш кераклигини тушунмайди улар. Журнал саҳифаларида бугун қандай танқидий материаллар чиқяпти?
– Оғзига кучи етмаганлар, деманг, ақли етмаганлар, денг, шунда тўғрироқ бўлади.
Қоғоз чопони билан кўриниш бераётган «Муштум»нинг сони камдир, лекин сифати ёмон эмас.
Аммо айни чоғда журналнинг ижтимоий тармоқларда – телеграм, инстаграм, ютубе, фейсбук канал ва саҳифаларини йўлга қўйганмиз. Телеграмда 38 минг, ютубеда 34 минг, инстаграмда 56 минг, фейсбукда 10 минг нафар обуначимиз бор. Бу кўрсаткичлар билан ўта мақтаниб ҳам бўлмайди, лекин бошқа таҳририятлар билан солиштирганда, кўнгил озгина осойиш топади.
Булар албатта, узлуксиз қора меҳнатнинг натижаси.
Ижтимоий тармоқларимизда деярли ҳар куни танқидий материаллар бериб борамиз.
– Бир вақтлар танқидий мақолаларда фош этилган идора-ташкилот ва амалдорларга нисбатан «юқори»да кескин чоралар кўрилган. Бўйнида иллати бор корчалонлар фельетондан қўрқиб, оёқлари дағ-дағ қалтираган. Ножоиз раҳбарларни ишдан олиб ташлаб, ҳатто жиноий ишлар очилгани ҳақида эшитганмиз. Бугун-чи? «Муштум» кўтариб чиққан масала, мақолаларга муносабат қандай?
– Олмон файласуфининг бир гапи бор эди: «Ўргимчакнинг тўрини катта пашшалар бузиб ўтади. Майда пашшалар илиниб қолади, холос».
Мана шундай гап!
Олмалиқ шаҳар ҳокимининг ногиронларга нисбатан қилаётган ноҳақлиги учун суврати билан, қилаётган қинғир ишларини кўзгу тутгандек кўрсатув қилиб чиқдик. Матбуотнинг вазифаси – кўзгу тутиш. На адолат посбонларидан, на аҳкомларимиздан эътибор бўлди!

– «Муштум» карикатурачи рассомлар билан ҳамиша ҳамнафас. Уларни журналнинг жон озиғи дейиш мумкин. Бир вақтлар саҳифаларни Алижон Холиқов расмлари тўлдирарди. Ҳозирги кунда Ҳусан Содиқов, Маҳмуд Эшонқулов, Ойбек Норқулов фаол. Уларга мавзуларни сиз берасизми ёки бу масала ижодий йиғинларда муҳокама қилинадими?
– Ҳасанбой Султонов, Фарруҳ Тешаевлар қолиб кетибди. Улар аксарият расмларига мавзуни ўзлари топишади. Баъзан-баъзан мен бераман.
Янги кашф қилган истеъдодимиз – Қашқадарёнинг Кўкдала туманилик Ойбек Норқулов, кўз тегмасин, жуда очилди. Кунига 5-6 талаб расм жўнатади. Карикатуралари кун сайин кучайиб боряпти.
– Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев камина билан суҳбатда «Муштум»да ишлаган ва фельетон ёзган йилларини эслаб, бир маслаҳат берган эди. «Ҳеч қачон қачон фельетон ёзманг, бундан фойда йўқ, ўзингизга фақат зиён етади», деган эди. Бу борада сиз нима дейсиз?
– Тўппа-тўғри гап. Бошқа нашрнинг ҳар сонида кимнидир мақтайсиз, янги дўстлар, янги ошналар, тадбиркор танишлар, қўли узун ҳокимлардан дўст орттирасиз... Бизда эса акси, ҳар куни камида битта душманингиз кўпаяди.
– Бош муҳаррир, қолаверса, истеъдодли шоир ва моҳир қаламкаш сифатида «Муштум»нинг келажагини қандай кўрасиз? Режалар қандай?
– «Муштум»нинг келажаги – матбуотимизнинг келажагига боғлиқ!
Битта кемадамиз...
Анвар Намозов суҳбатлашди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter