25 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилишлар аниқланди
Рақобат қўмитасининг ҳудудий органлари томонидан ўтказилган мониторинг ва мурожаатларни ўрганиш натижасида давлат харидлари соҳасида қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Уларнинг умумий қиймати қарийб 25 млрд сўмни ташкил этган.
Текширувларда «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя қилинмагани, яъни савдоларда рақобатни чекловчи ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар мавжудлиги аниқланган.
Жумладан, Андижон вилоятида автомобил йўллари бош бошқармасига тегишли 2 та ҳолатда 3,9 млрд сўмдан ортиқ қонунбузилишлар қайд этилди.
Навоий вилоятида эса бир нечта ташкилотларда йирик миқдордаги камчиликлар аниқланди. Жумладан, Навбаҳор, Конимех ва Нурота туманлари ободонлаштириш бошқармаларида ўнлаб ҳолатлар бўйича миллиардлаб сўмлик қонунбузилишлар қайд этилган.
Шунингдек, Қашқадарё, Бухоро, Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент вилояти ва пойтахтдаги айрим ташкилотларда ҳам давлат харидлари жараёнида қонун талаблари бузилгани маълум қилинди.
Қўмита маълумотига кўра, барча ҳолатлар юзасидан махсус комиссиялар томонидан ишлар қўзғатилиб, қонун доирасида тегишли қарорлар қабул қилинган.
Шу билан бирга, қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича буюртмачи ташкилотларга мажбурий кўрсатмалар берилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter