3 йил ичида 30 йил ортга кетган мамлакат
14 миллион суданлик уй-жойини тарк этишга мажбур бўлди.
Африка шимоли-шарқида жойлашган Суданда фуқаролик уруши бошланганига уч йил тўлди. Ўтган муддат давомида қирғинбаротда 40 мингдан зиёд инсон ҳалок бўлди, 14 миллион киши уй-жойини ташлаб чиқди. Мамлакат таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди.
«Бу оддий инқироз эмас, балки мамлакат тақдирининг яксон этилишидир. Суданда 2023 йил апрелдан кейин дунёга келган чақалоқлар шифохоналар ёпилган, мактаблар вайрон этилган ва оилалар бошпанасидан маҳрум этилган муҳитда катта бўлмоқда», — дейди БМТ Озиқ-овқат дастурининг Судандаги доимий вакили Лука Ренда Al Jazeera телеканалига берган интервюсида.
Айни пайтда Судандаги 34 миллион киши кўмакка муҳтож. 19 миллион аҳоли эса очликдан азият чекмоқда.
Уруш ўз ортидан қашшоқлик, очлик каби «дўст»ларини эргаштириб келган.
Фото: ЮНИСЕФ
Уруш энг аввало иқтисодиётга зарба берди. 2022 йилда Судан ялпи ички маҳсулоти 33,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, уруш бошланиши билан, 2023 йилда бу кўрсаткич бирданига 6,5 миллиард долларга қисқарди.
Жанговар ҳаракатлар майдонига айланган шаҳарлардаги заводлар ва электр станциялар вайрон этилиши оқибатида саноат ишлаб чиқариши 90 фоизга қисқарди. Бу эса ишсизлик, қашшоқликнинг ортишига олиб келди.
Уруш туфайли суғориш тизими, транспорт тармоғи издан чиқди, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари 15 фоизга камайди. Ишчи кучининг 65 фоизи анъанавий равишда аграр соҳада банд бўлгани инобатга олинса, қишлоқ аҳолиси қанчалик оғир аҳволда қолганини тасаввур этиш мумкин.
Тоза сув ва канализация тармоқлари вайрон бўлиши ортидан вабо каби даҳшатли юқумли хасталиклар авж олди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бонг уришича, уч йил ичида мамлакатдаги тиббиёт муассасаларига 200 дан зиёд ҳужум уюштирилган. Соғлиқни сақлаш хизмати фалажланган вазиятда юқумли хасталикларга қарши курашиш ҳам ўта мушкул кечмоқда.
БМТ Тараққиёт дастури ва Хавфсизлик соҳасида тадқиқотлар институти ҳисоботига қараганда, уруш Судан иқтисодиётини буткул бошқа ўзанга буриб юборди. Жорий йилда тинчлик ўрнатилган тақдирда ҳам мамлакат ЯИМда 2043 йилга қадар 18,8 миллиард доллар камайиш сақланиб қолади.
Ҳарбий ҳаракатлар оқибатида нефт қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати ҳам издан чиқди. Масалан, пойтахт Хартумдаги суткасига 100 минг баррел нефт қайта ишлаган ва мамлакатнинг ёнилғига бўлган 50 фоиз эҳтиёжини қоплаган завод 2023 йил июлдан буён ишламаяпти.
Фото: Avaaz/Giles Clarke
Яна бир хатарли жиҳат, 19 миллионга яқин болаларнинг салмоқли қисми ўқиш имконидан маҳрум қолмоқда.
Мамлакат ҳозирда халқаро ташкилотлар кўмагига қараб қолган. Аммо кўмак миқдори ҳам кўп эмас. БМТнинг Судандаги гуманитар масалалар бўйича координатори Дениз Брауннинг маълум қилишича, 2025 йилда талаб этилган молиявий кўмакдан 35 фоизи ажратилган, холос.
БМТ Суданда очарчилик кучайиб бораётганидан огоҳлантириб келмоқда.
Маълумот ўрнида: Суданда 2023 йил апрел ойида фуқаролик уруши бошланган эди. Де-факто давлат раҳбари саналган генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон қўмондонлигида мунтазам армия ва генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида қуролли тўқнашувларда минглаб киши ҳалок бўлди.
Суданни узоқ йиллар идора этган Умар Башир 2019 йилда ҳокимиятдан четлатилган эди. Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд уни қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларда айблаган.
Умар Башир президентликдан кетгач, ҳарбий ва фуқаровий гуруҳлар ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишган. Аммо мамлакатдаги турли сиёсий, ҳарбий гуруҳлар ўзаро тил топиша олмади. Пировардида генераллар Абдулфаттоҳ Бурҳон ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият росмона урушга айланиб кетди. Томонлар вақти-вақти билан ўт очишни тўхтатиш борасида битим тузаётган бўлса-да, қонли ихтилофни буткул ҳал этиб бўлмаяпти.
Таҳлилчиларга кўра, гарчи Суданда йирик гуманитар инқироз юзага келган бўлса-да, халқаро ҳамжамият бунга панжа ортидан қараётир.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter