Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев фармонига биноан Америка–Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилмоқда.
Фармонга кўра, кенгаш Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги савдо, инвестиция ва тадбиркорлик алоқаларини кенгайтириш, йирик бизнес лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида тузилади.
Ҳужжатда қайд этилишича, кенгаш 2025-йил 4–6-ноябрь кунлари президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи давомида “C5+1” саммити доирасида тузилган келишув асосида ташкил этилган. Ўзбекистон томонидан кенгашга Президент Администрацияси раҳбари раислик қилади, АҚШ томони эса Президент вакили даражасида ҳамраис сифатида иштирок этади.
Кенгаш фаолияти доирасида:
– йирик инвестиция ва савдо лойиҳалари мувофиқлаштирилади;
– Ўзбекистонга сармоя жалб этиш учун махсус инвестиция фонди тузилади;
– IT-парк резидентлари маҳсулотларини АҚШ бозорида илгари суриш ишлари кучайтирилади;
– Марказий банк активларини диверсификациялаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Фармонга мувофиқ, АҚШ ҳудудида янги консулликлар очиш, диаспоралар билан ишлаш тизимини кучайтириш, Ўзбекистон банк резидентларига АҚШдаги инвестиция операцияларини эркин амалга ошириш имконини бериш ҳам назарда тутилган.
Инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битим бўйича музокаралар бошланиши, кенгаш таркибига АҚШ ишбилармон доиралари вакилларини жалб этиш ва доимий офисни АҚШда ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Фармон ижроси устидан назорат Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юклатилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter