Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Андижонда суд Россия ва Украина урушида қатнашган эркакка ҳукм ўқиди

Андижонда суд Россия ва Украина урушида қатнашган эркакка ҳукм ўқиди

Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ тумани судида 25 ёшли Ҳ.И.нинг жиноий қилмишига доир иш кўриб чиқилди.

Суд тергови баённомасига кўра, у Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.

Аниқланишича, судланувчи 2022 йил декабрь ойида ишлаш мақсадида Россияга бориб, Москва ва Челябинск шаҳарларида «Яндекс» дастури орқали етказиб бериш хизмати билан шуғулланиб келган. 2023 йил 15 августда эса гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласи билан шуғуллангани учун Челябинск шаҳар суди ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

2024 йилининг август ойига қадар белгиланган жазо муддатини бир қисмини ўтаб бўлиб, шахсий манфаатини кўзлаб, суд томонидан тайинланган жазодан қутилиб қолиш мақсадида, Россия-Украина урушига киришга розилик билдирган ва шартнома имзолаган.

Шундай қилиб, у Украинанинг Донецк шаҳрини эгаллаш учун олиб борилган қуролли тўқнашув ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этади ва снаряд портлаши оқибатида чап қўли ва чап оёғидан жароҳатланади. 2025 йилнинг 17 сентябрь куни Ўзбекистонга қайтиб келган.

Судланувчи Ҳ.И суд мажлисида, айбга тўлиқ иқрорлик билдириб дастлабки терговда берган кўрсатувларини тасдиқлаган.

Унинг айтишича, колонияда жазони ўтаб юрган вақтда урушга бориш учун уни мажбурлашган. Луганск шаҳридаги 14 кунлик ҳарбий тайёргарликдан сўнг, Донецк шаҳридаги ҳарбий қароргоҳга 3 та йўловчи ташувчи автомашиналарда кетишаётганида, Украина аскарлари томонидан ўққа тутилишганини, натижада 66 нафар ҳарбийлардан 12 нафари тирик қолган. Отишмада снаряд осколкаларидан яраланган ва ҳарбий госпиталда даволанган.

Суд Ҳ.И.ни ЖКнинг 154-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, аввалига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Сўнг эса ЖКнинг 72-моддасига мувофиқ, тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартлига ўзгартирилиб, 2 (икки) йил синов муддати – уй қамоғи белгиланди.

Маълумот учун, Олий суднинг интерактив хизматлари порталида келтирилишича, ўтган 2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланишни назарда тутувчи жиноий қилмишлар кўрилган биринчи инстанция суд ишлари сони 34 тага етган (2024 йилда 13 та).

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг