Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ сенаторлари: «Бу жиноят жазосиз қолмаслиги керак»

АҚШ сенаторлари: «Бу жиноят жазосиз қолмаслиги керак»

АҚШлик таниқли сиёсатчи, сенатор Берни Сандерс Исроил ҳужумлари оқибатида Ғазо секторида журналистлар ўлими ҳолатларини тергов-тафтиш қилишга чақирди.

«Сўнгги икки йил ичида Исроил 249 нафар журналистни ўлдирди — бу Иккинчи жаҳон уруши ва Вьетнам урушидагидан ҳам кўп. Журналистларга қарши очилган уруш тергов қилиниши ва унга чек қўйилиши керак»,деди АҚШ сиёсати оқсоқоли Берни Сандерс.

Маълумот ўрнида: 6 йил ичида Иккинчи жаҳон урушида 69 нафар ва 20 йил давомида Вьетнам урушида 63 нафар ОАВ ходими дунёдан кўз юмган эди.

Жорий йил 11 декабрь куни сенаторлар Питер Уэлч, Крис Ван Холлен, АҚШ Конгрессининг Вакиллари палатаси аъзоси Бекка Балинт Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Amnesty International ташкилоти вакиллари билан биргаликда Капитолийда акция ўтказиб, Исроилни журналистлар ўлими юзасидан жавобгарликка тортишни талаб қилган. Америкалик қонун ижодкорлари, хусусан, 2023 йил 13 октябрь куни Исроил ҳужуми оқибатида Reuters  журналисти ўлдирилгани, AFP журналисти эса яралангани, ОАВ ходимларига тажовуз учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмагани юзасидан норозилик билдирган.

«Ушбу ишда биз на жавобгарлик, на адолат кўрдик. Бу Исроил ҳукумати томонидан америкаликлар ва журналистларга ҳужумларнинг жазосиз қолаётганини акс эттирувчи катта картинанинг бир бўлагидир», — деган сенатор Крис Ван Холлен.

«Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти ҳисоботига кўра, 2025 йилда дунё бўйича 67 нафар ОАВ ходими ҳалок бўлган. Жумладан, Исроил ҳужумлар оқибатида 29 нафар фаластинлик журналист ҳаётдан бевақт кўз юмган.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил август ойида «Ал-Жазира» телекомпанияси мухбири Анас ал-Шариф ва унинг тўрт ҳамкасби Ғазо шаҳрида қасддан ўлдирилди.

2024 йил 7 январь куни Исроил бомбардимони оқибатида фаластинлик икки журналист — 27 ёшли Ҳамза Даҳдуҳ ҳамда 20 ёшли Мустафо Турайя ҳалок бўлди.

2023 йил декабрь ойида яна Ғазода Туркиянинг Anadolu ахборот агентлиги оператори Мунтазир ал-Савваф ва унинг яқинлари ҳалок бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг