Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ ва Эрон келишолмади: Покистондаги музокаралар натижасиз якунланди

АҚШ ва Эрон келишолмади: Покистондаги музокаралар натижасиз якунланди

Исломободда АҚШ ва Эрон ўртасида ўтган музокаралар келишувсиз якунланди. 21 соат давом этган учрашувлар урушни тўхтатиш ва барқарор тинчликка эришиш мақсадида ташкил этилган эди, дея хабар бермоқда «Reuters».

АҚШ делегацияси раҳбари, вице-президент Жей Ди Вэнс музокаралардан сўнг «Биз келишувга эриша олмадик, бу, айниқса, Эрон учун ёмон янгилик» дея баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон ўз «қизил чизиқлари»ни очиқ белгилаб қўйган.

Вэнс Эрон АҚШ томонидан таклиф этилган шартларни, жумладан, ядровий қурол яратмаслик мажбуриятини қабул қилмаганини таъкидлади. Музокаралар якунлангач, АҚШ делегацияси Покистонни тарк этди.

Томонлар ўртасидаги асосий келишмовчиликлар Эроннинг ядровий дастури ва Ҳўрмуз бўғози масалаларида юзага келган.

Эрон манбаларига кўра, Теҳрон ушбу бўғоз устидан назорат, уруш товонлари ва минтақавий тўхташ талабларини илгари сурган. АҚШ эса, ўз навбатида, глобал энергетика таъминоти учун муҳим бўлган мазкур йўлак орқали эркин ҳаракатни таъминлашни талаб қилмоқда.

Музокаралар ишончсизлик муҳитида ўтгани қайд этилди. Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили «Бир учрашувда келишувга эришишни кутмаслик керак эди», дея таъкидлади.

Томонлар ўртасида икки ҳафталик ўт очишни тўхтатиш келишуви сақланиб қолмоқда. Бу уруш феврал ойи охирида бошланган ва минглаб қурбонларга сабаб бўлган.

Айни пайтда, Ҳўрмуз бўғозида юзлаб нефт танкерлари тўпланиб қолгани, айримлари эса ҳаракатни тиклай бошлагани хабар қилинмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг