Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода фермерлар ҳақи тикланди

Бухорода фермерлар ҳақи тикланди

foto: Фото: «Google.com»

Бухорода фермер хўжаликларига ҳақни тўламай келган кластер мажбурий тартибда қарзни қайтарди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Мажбурий ижро Бюроси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта инспектори Ихтиёр Олимов маълум қилмоқда. Таъкидланишича, Жондор туманида фаолият олиб бораётган «Jondor cotton cluster» масъулияти чекланган жамияти ҳамда «Yusuf Ilhom Miraziz» ва  «Javlonov agro 2020» фермер хўжаликлари ўртасида низо келиб чиққан. «Jondor cotton cluster» шартнома асосида ўз зиммасидаги барча мажбуриятларни тўлиқ бажариб келган фермер хўжаликлари маблағларини тўлаб бермай, пайсалга солиб келган. Кластер қарздорликни тўлаб беришини ваъда қилган бўлса-да, орадан муддат ўтишига қарамай, яна турли баҳоналар билан важ кўрсатган. Икки фермер хўжалик эса кластерга қайта-қайта ўз ҳақларини бериши талаби билан чиқишган. Бу гал ҳам кластер бўйин товлаб, улардан ҳеч қандай қарзи йўқлигини иддао қилган.

Шундан сўнг фермерлар ҳолатни ҳуқуқий тартибда ҳимоя қилиш талаби билан судга даъво аризаси киритишган. Суд даъвони қаноатлантирган ва ҳужжатлар Бюронинг Жондор туман бўлимига келиб тушган. Ижро ҳаракатлари бошлаб юборилиб, қарздор корхонага аниқланган маблағни ихтиёрий тарзда тўлаш учун муддат белгилаган. Бироқ, кластер ўз қарзларини узмай, ҳолатга панжа ортидан қарашда давом этган. Шундан сўнг бюро томонидан ҳуқуқий ишлар олиб борилган ва фермер хўжаликларига ҳақни тўламаган кластер мажбурий тартибда қарзни қайтаришига тўғри келган.

«Кластернинг банк ҳисоб рақамларига банд солинди. Мол-мулкларига таъқиқ қўйилиб, мажбурий ижро чоралари қўлланилди. Бюро ходимларининг мақсадли ва қатъий ҳаракатлари натижасида қарздор кластердан фермерлар фойдасига тўлиқ қарз маблағи ундириб берилди», — деди Ихтиёр Олимов.

«Yusuf Ilhom Miraziz» фермер хўжалиги фойдасига 212,6 миллион сўм, «Javlonov Agro 2020» фермер хўжалиги фойдасига 231,9 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик «Jondor cotton cluster» МЧЖдан мажбурий тартибда ундириб олинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг