Чорвалар орасида оқсил касаллиги хавфи сабаб санитария ойлиги эълон қилинди
2026 йил 18 апрелдан 18 майга қадар Ўзбекистонда «Чорвачиликда санитария-эпидемия-гигиена» ойлиги эълон қилинди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди. Тадбир мамлакатда чорва саломатлигини сақлаш ва хавфли касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган.
Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилоти маълумотига кўра, 2025–2026 йилларда 48 та давлатда ушбу касалликнинг янги «SAT» типлари аниқланган. Мавжуд вакциналар эса уларга қарши тўлиқ ҳимоя бермаслиги қайд этилмоқда.
Вазирлик фермер ва чорвадорларга ветеринария-санитария қоидаларига қатъий риоя қилишни тавсия этмоқда. Хўжаликларга кириш жойларида дезинфекция воситаларини жорий этиш ва назоратни кучайтириш талаб қилинмоқда.

Шунингдек, бегона шахслар ва транспорт воситалари киришини чеклаш, ҳайвонларни тоза сув ва сифатли озуқа билан таъминлаш муҳимлиги урғуланган. Хўжалик ҳудудларини доимий тозаликда сақлаш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашиш ҳам асосий шартлардан ҳисобланади.
Касалликка шубҳа туғилганда ҳайвонлар дарҳол изоляция қилиниши ва мустақил равишда дори қўлланмаслиги керак. Барча ҳолатларда ветеринар мутахассисга мурожаат қилиш шартлиги таъкидланмоқда.
Оқсил касаллиги аломатлари сифатида юқори ҳарорат, оғиз бўшлиғида ва туёқларда яралар ҳамда елинда шикастланишлар кузатилади. Бундай ҳолатларда биноларни дезинфекция қилиш ва маҳсулотларни тарқатмаслик талаб этилади.
Мутахассислар вакцинацияни энг самарали чора сифатида кўрсатмоқда. Қорамоллар йилига икки марта, қўйлар эса бир марта эмланиши лозим. Иммунитет эмлашдан кейин 15–21 кунда шаклланади.
Вазирлик фермерларни эҳтиёткорликка чақириб, ҳар қандай шубҳали ҳолатда мутахассисларга зудлик билан мурожаат қилишни сўрамоқда. Тозалик ва қоидаларга амал қилиш соғлом чорва ва барқарор даромад гарови экани таъкидланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter