Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Демак, ҳали яшаса бўлади...

Демак, ҳали яшаса бўлади...

фото:svetdushicrimeacentr.site

Машинамни автожойга (автотураргоҳ сўзи узун ва ғализ туюлади менга) қўярканман, эътиборсизлик қилиб янгигина «Трекер»нинг ёнбошини туртиб юборсам бўладими. Тушиб қарасам, машинанинг орқа эшиги эзилган. Сўнг келиб ўзимникига боқдим – билинар-билинмас қирилган, холос.

Телефон рақамим ёзилган қоғозни «Трекер»нинг ойнак тозалагичига қистирар эканман, машина ичкарисида телефон рақамга кўзим тушди. Саросар солсам, машина ичи саранжом-саришта, ҳамма ёқ ёғ тушса ялагудек топ-тоза. «Машинасига шунча эътибор бергич одам, бўлган воқеани эшитса, нақ тўполон қилворса керак», деган хавотирли ўй хаёлимдан ўтди. Ўзимни уришдим – 30 йилдир бировнинг машинасига бориб урмаган одам келиб келиб теп-текис жойда, тўхтаб турган машинани ҳам урасанми, нодон?..

Шундай ўйлар билан рақам тердим.

Йигит кишининг овози келди.

– Фалон рақамли оқ «Трекер» сизданми?

– Ҳа.

– Шу десангиз, машинангизни озроқ туртиб юбордим, узр...  Жиддий эмас. Лекин, барибир, устага бориш керак бўлади. Харажатини қоплайман. Отим – Улуғбек. Шу рақамдаман, бироздан кейин дарсга кириб кетаман, устага борганингизда қўнғироқлашайлик.

– Хўп, хўп...

Ажаб, мен кутгандек бўлмади, машинанинг эгаси «портлаб» кетмади.

Аммо орадан 10 ё 15 дақиқа ўтиб, қўнғироқ бўлди.

– Ҳозир менга сиз телефон қилганмидингиз?

– Ҳа, мен.

– Ўзингизга ҳеч нима қилмадими?

– Йўқ, соппа-соғман.

– Ҳа, яхши, соғ бўлсангиз бўлди.

– Ҳой тўхтанг, уста харажатлари...

– Керак эмас, ўзим ҳал қилиб оламан.

– Ҳой...

– Соғ бўлинг!..

– Оллоҳ бошқа жойдан тўлдирсин!.. – дея олдим аранг.

У телефонни қўйди.

Мен негадир ҳижолат бўлиб қолдим.

Кейин эса ичим ёришиб кетди. Йўқ, 200-300 доллар ёнимга қолганидан эмас, дунёда шундай одамлар ҳали-ҳануз тирик юрганидан севиндим.

Бундан 15 йиллар бурун ҳам машинам қулфланиб қолиб, шунга яқин ҳодиса рўй берганда, «Яхши одамлар» деган ҳикоя ёзилганди. Ҳозир бўлиб ўтган воқеада ҳикоя кўрмадим, лекин яхши одамни, унинг яхшилигини аниқ кўрдим. Яна денг, одамнинг ўзини кўрмай туриб, яхшилигини кўрдим, ҳис қилдим.

Демак, дунёда ҳали яшаса бўлади... Демак, дунёда яхши ва олижаноб одамлар кўп...

Улуғбек Ҳамдамнинг facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг