Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Евроиттифоқ миграция сиёсатини кучайтиряпти. Депортация марказлари ва рейдларга рухсат берилади

Евроиттифоқ миграция сиёсатини кучайтиряпти. Депортация марказлари ва рейдларга рухсат берилади

Европа Иттифоқи сўнгги ўн йилликлардаги энг қаттиқ миграция қонунларидан бирини маъқуллади. Янги қонун ноқонуний муҳожирларни Европа ҳудудидан ташқарида жойлашган махсус марказларга юбориш ва уларга нисбатан назорат чораларини кучайтиришни назарда тутади.

Европарламент ва ЕИ давлатлари келишган «Қайтариш тўғрисидаги низом» ноқонуний муҳожирларни тезроқ депортация қилишга қаратилган. Европа расмийларига кўра, ҳозирда ЕИда қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган муҳожирларнинг атиги 29 фоизи ҳудудни тарк этмоқда.

Янги қонуннинг энг баҳсли қисми — Европа Иттифоқидан ташқарида «қайтариш марказлари»ни ташкил этиш имконияти ҳисобланади. Унга кўра, ЕИ давлатлари учинчи давлатлар билан келишув тузиб, муҳожирларни шу ҳудудларда сақлаши мумкин бўлади.

Амалдаги тартибга кўра, муҳожирлар асосан ўз ватанига ёки алоқаси бор давлатга қайтарилар эди. Янги тизимда эса бу талаб бекор қилиняпти. Фақат ёлғиз вояга етмаган болалар депортация марказларига юборилмайди.

Айрим давлатлар бу борада аллақачон ҳаракат бошлаган. Германия, Нидерландия, Австрия, Дания ва Греция депортация марказлари бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Италия эса Албанияда шунга ўхшаш тизимни амалга оширяпти.

Қонун шунингдек, полицияга ноқонуний муҳожирлар яшайдиган уйлар ва бошқа биноларда тинтув ўтказиш ваколатини ҳам беради. Ҳуқуқ ҳимоячилари буни АҚШ миграция рейдларига ўхшатиб, инсон ҳуқуқлари учун хавф деб баҳоламоқда.

Янги қоидаларга кўра, муҳожирларни ушлаб туриш муддати 6 ойдан 2 йилгача узайтирилади, хавфли деб топилган шахслар учун эса муддат чекланмаслиги ҳам мумкин. ЕИга кириш тақиқи 5 йилдан 10 йилгача оширилади ва айрим ҳолларда умрбод тақиқ ҳам қўлланиши мумкин.

Бундан ташқари, муҳожирларнинг депортация қарорлари устидан шикоят қилиши автоматик равишда чиқариб юборишни тўхтатмайди. Энди бу масалани ҳар бир ҳолат бўйича суд алоҳида ҳал қилади.

Ўз навбатида, фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари янги қонунни кескин танқид қилмоқда. Улар бу ҳужжат муҳожирлар ҳуқуқларини чеклашини ва Европа миграция сиёсатида «ксенофобик бурилиш» бошланганини таъкидлаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг