Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фарғонадаги музейда яна 11 дона экспонат йўқолган. Бу – музей билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас

Фарғонадаги музейда яна 11 дона экспонат йўқолган. Бу – музей билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамда ушбу музейнинг Шоҳимардон табиат музейи филиали фонд сақловида бўлган 11 дона музей экспонатлари йўқолган.

Маданий мерос агентлиги директорининг тегишли буйруғи билан ҳолат юзасидан музей масъул ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланди.

Қайд этилишича, хизмат текшируви ўтказиш бўйича қарор Фарғона тумани Ички ишлар бўлимининг 2026 йил 18 февралдаги тақдимномасидан сўнг қабул қилинган.

Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш бўйича комиссияга ИИБ тақдимномасида қайд этилган барча ҳолатларни белгиланган тартибда қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ атрофлича ва холисона ўрганиб чиқиш ҳамда хизмат текшируви якуни бўйича маълумотни Маданий мерос агентлиги директорига ва Фарғона тумани Ички ишлар бўлимига тақдим этиш вазифаси юкланган.

«Xabar.uz»нинг Фарғона вилояти ИИБ билан боғланиб, ушбу вазият юзасидан берган аниқлаштирувчи саволлари эса очиқ қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг ёз ойларида ҳам Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида сақланаётган умумий баҳоси 2,5 млрд. сўмлик 70 та ноёб экспонатлар (улардан 56 таси рангтасвир асарлари) қалбакилаштирилгани, музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд. сўм маблағнинг 1,4 млрд. сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани айтилган эди.

Шунингдек, музейда сақланиши лозим бўлган 1 дона рангтасвир ва 1 дона графика асари топилмаган

Бироқ, кейинчалик «Xabar.uz» қўлга киритган суд ҳужжатларига кўра, музей ходимларининг икки нафари – музей директори ва муҳофизи мазкур жиноий иш доирасида тергов берган ва судда 4 дона орден ва медалларни йўқотиш, 14  дона  орденни эса қалбакилаштиришда айбли деб топилган ҳамда тегишли тартибда жазога тортилган. Музейни капитал таъмирлаш учун ажратилган, бироқ ўзлаштириб юборилган пуллар миқдори ҳам 1,6 млрд ҳисобланган (мазкур жиноий иш тафсилотлари ҳақида кейинроқ хабар жойланади. Унда, жумладан, «иш»га алоқадор 1938-43 йилларда Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми раиси бўлган Йўлдош Охунбобоевнинг шахсига доир айрим маълумотлар ҳам келтирилади, -таҳр.).

Бундан ташқари, 2011 йилда музейдан номаълум сабабларга кўра, Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига жўнатилган 21 номдаги ашёларнинг 7 донаси ҳам ғойиб бўлган.

Музейдаги экспонатларнинг йўқолганидан бироз вақт ўтиб эса, аниқроғи 2024 йилнинг 11 апрелида мазкур музейда тўсатдан ёнғин чиққан ва бир нечта қимматбаҳо экспонатлар жиддий зарарланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг