Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Жаҳон банки ўзбекистонлик талабаларни молиявий қўллаш учун $250 млн кредитни маъқуллади

Жаҳон банки ўзбекистонлик талабаларни молиявий қўллаш учун $250 млн кредитни маъқуллади

Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистон учун 250 млн доллар миқдоридаги кредитни маъқуллади. Ушбу маблағлар олий, техник ва касб-ҳунар таълими тизимида талабаларни молиялаштиришдан тенг фойдаланишни кенгайтиришга қаратилган дастурни амалга ошириш учун мўлжалланган.

Қайд этилишича, келгуси уч йил давомида ушбу дастур талабаларни молиялаштиришни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтиришга ва бутун мамлакат бўйлаб 600 минг ёшлар учун таълим кредитларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам беради. Дастурий маблағларнинг қарийб 80 фоизи кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган талабалар ва хотин-қизларга кредит ажратишга йўналтирилади.

Бунда хотин-қизлар барча олий ўқув юртлари талабаларининг 55 фоизини ва таълим кредитлари олувчиларнинг 80 фоизини ташкил этса-да, талаба қизларнинг атиги 33 фоизи меҳнат бозорида кўникмаларга талаб энг юқори бўлган STEM йўналишларида таҳсил олишини ҳам инобатга олиш назарда тутилмоқда.

Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган мазкур дастур 2026-2028 йилларда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан талабаларни молиялаштириш тизимидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш учун амалга оширилади.

190 миллион доллардан ортиқ маблағ ёки «EduImkon» дастури маблағларининг қарийб 80 фоизи аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, кам таъминланган оилалардан бўлган ёшлар ва хотин-қизларга таълим кредитлари ажратиш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган таълим йўналишларини, хусусан, STEM мутахассисликларини танлашни рағбатлантиришга йўналтирилиши белгиланган.

Шунингдек, «EduImkon» дастури қўшимча 30 миллион доллар хусусий капитални жалб қилишга ёрдам беради. Бу талабаларни кредитлаш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам беради ва давлат бюджетига босимни камайтиради.

Манба: worldbank.org

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг