Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Кредит қарздорлигини нафақа ва ёрдам пулларидан ундириш тақиқланади

Кредит қарздорлигини нафақа ва ёрдам пулларидан ундириш тақиқланади

Марказий банк бошқарувининг «Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қарори Адлия вазирлигида 2025 йил 28 октябрь куни 3030-11-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан қуйидаги асосий талаблар жорий этилмоқда:

  • банклар томонидан қарз олувчи жисмоний шахсларга кредит мажбуриятлари билан боғлиқ эҳтимолий таваккалчиликлар ҳақида маълумот берилишини назарда тутувчи стандарт чек-лист шакли амалиётга жорий этилмоқда. Бу чек-лист қарз олувчиларга кредит билан боғлиқ мажбуриятлар ва эҳтимолий таваккалчиликлар ҳақида олдиндан тушунтириш берган ҳолда, уларни масъулиятли қарор қабул қилишга ундайди;
  • молиявий қийинчиликлар сабабли кредит тўловларини ўз вақтида тўлашда қийналаётган қарз олувчиларнинг амалдаги кредит шартномасига ўзгартиш киритиш бўйича банкнинг ички тартиби бўлиши ва уни истеъмолчиларга ошкор қилиши талаби белгиланмоқда. Бу талаб мижозларни қийин вазиятларда қўллаб-қувватлаш тизимини ривожлантириш, кредитни реструктуризация қилиш жараёнларини шаффоф қилиш ҳамда аниқ қоидаларни шакллантиришга хизмат қилади;
  • айрим инсофсиз амалиётларни чеклаш, хусусан истеъмолчиларни улар сўровида кўрсатилган миқдордан ортиқ кредит олишга ундамаслик, давлат томонидан ажратиладиган ижтимоий нафақа ва ёрдам маблағларига қарздорликни қаратмаслик ҳамда кредит тўловларини жадвалда белгиланган санага қадар талаб қилмаслик белгиланмоқда. Бу нормалар аҳолининг ортиқча қарз олишининг олдини олади ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлайди;
  • молиявий хизматлар кўрсатилганда истеъмолчининг хоҳиш-иродасини ифодаловчи ҳар қандай белгиларни олдиндан ўрнатиш ёки танлаб қўйиш, кредит параметрларини олдиндан тўлдириш чекланмоқда. Бу эса истеъмолчиларнинг қарор қабул қилиш эркинлигини таъминлайди ва банк хизматлари шартларини шаффоф қилади;
  • тижорат банклари томонидан истеъмолчиларга омонатларни кафолатлаш тизими, кафолатланадиган омонат турлари ва миқдори, компенсация бериш тартиби ҳамда уни тўлаш муддатлари ҳақида батафсил маълумот бериш талаби жорий этилмоқда. Бу талаб аҳолининг омонат хавфсизлиги тўғрисидаги хабардорлигини оширади ва банк тизимига ишончни мустаҳкамлайди.

Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар 2026 йил 29 январдан кучга киради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг