Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Кремлнинг булбулигўёси» бу гал Италия бош вазирини ҳақорат қилди

«Кремлнинг булбулигўёси» бу гал Италия бош вазирини ҳақорат қилди

Фото: LaPressa

Россиялик пропагандачи журналист Владимир Соловьёв Италия бош вазири Жоржа Мелонини ҳақорат қилди. Италия ҳукумати раҳбари унга вазминлик билан жавоб қайтарди. 

Владимир Соловьёв эфир орқали рус ва итальян тилларида Италия бош вазири Жоржа Мелонини таҳқирловчи сўзларни айтган. Жумладан, у Мелонини «сайловчиларга хиёнат қилган фашист» деб атаган. 

«Хиёнат – унга хос иллат. У ҳатто ўзи садоқат изҳор қилган Трампни ҳам сотди», – деган Соловьёв. 

Россиялик пропагандачи журналистнинг куракда турмайдиган ҳақоратлари Италия жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситаларида кескин эътироз уйғотди. Бунинг ортидан Россиянинг Римдаги элчиси Алексей Парамонов тушунтириш учун Италия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Италия ташқи ишлар вазири Антонио Таяни рус дипломатига расмий равишда норозилик билдирди. 

Жамоатчилик муҳокамаси ортидан Жоржа Мелонининг ўзи ҳам ҳолатга муносабат билдирди

«Қон-қонигача режим пропагандачисига айланган шахс на садоқат, на эркинлик ҳақида бизга дарс ўтишга ҳақли. Бу каби карикатурасифат ҳолатлар бизни сиёсий йўналишни ўзгартиришга мажбурлай олмайди. Бошқалардан фарқли равишда, биз бировларга тобе эмасмиз, бошимизда хўжайинларимиз йўқ, бировдан буйруқ кутмаймиз. Биз фақат Италия манфаатларини кўзлаб иш тутамиз», – деган Жоржа Мелони.

Италия президенти Сержо Маттарелла бошчилигидаги сиёсатчилар ҳам Владимир Соловьёвнинг бу хатти-ҳаракатини кескин қоралаган. 

Россия пропагандасининг яловбардорларидан бири саналган Владимир Соловьёв илк бор хурмача қилиқ билан эътиборга тушаётгани йўқ. У жумладан, жорий йил январь ойида Россия Украинада бўлгани каби постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатларда ҳам “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклигини иддао қилган эди. Ўшанда ўзбек жамоатчилиги рус пропагандистининг мазкур баёноти шунчаки ҳайп эмас, балки Россия пропагандасининг энг тажовузкор ва хавфли йўналишларини ифодаловчи сиёсий сигнал деб баҳолаган эди. ЎзЖОКУ ректори, сиёсатшунослик фанлари доктори Шерзодхон Қудратўжа ҳам «Соловьёвнинг булбулигўё каби хониши»га кескин раддия берганди. 

Арманистон томони эса ушбу баёнотга «Ит ҳурар, карвон ўтар» деган кўҳна нақл билан жавоб қайтарганди

Владимир Соловьёв 2022 йилда Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан интервью чоғи собиқ Иттифоқнинг тикланиши ҳақида хомхаёлини илгари сургани ҳам маълум. Ўшанда ҳам ўзбекистонлик фаоллар унга муносиб жавоб қайтарганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг