Марказий банк қонунчилик талабларини бузган йигирмага яқин банкни жаримага тортди
Марказий банки томонидан жорий йил сентябр-октябр ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтлари мониторингдан ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад молиявий хизматлар истеъмолчилари учун ахборотлар ошкор этилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилишини ҳамда фойдаланувчиларнинг тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқи таъминланишни текширишдан иборат бўлган.
Мониторинг натижасида айрим банкларнинг веб-сайтларида маълумотлар давлат тилида жойлаштирилмаганлиги аниқланди.
Бундан ташқари, ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолда айрим банкларнинг веб-сайтларида кредит таъминотига қабул қилинган гаров мулкларини кредитнинг асосий қарзи қолдиғига мутаносиб равишда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартиби жойлаштирилмаганлиги маълум бўлди.
Хусусан Агробанк, Анорбанк, Hayotbank, Универсал банк, Гарант банк, Асакабанк, Туронбанк, Инфинбанк, МКБанк, Трастбанк, Мадад Инвест банк, Содерот банк, ОФБ, Ипотека-банк, Тенге банк, Зираат банк, АVO ва Openbank каби банкларнинг расмий веб-сайтларида юқорида қайд этилган тартиб жойлаштирилмаганлиги кузатилди.
Мониторинг якунларига кўра Марказий банк томонидан қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига нисбатан амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ 102 млн сўмдан жарима чораси қўлланилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар юборилди.
Ўз навбатида, Марказий банк барча тижорат банкларидан:
ахборотларни истеъмолчиларга ошкор этишда давлат тилига доир қонун талабларига сўзсиз риоя этилиши;
расмий веб-сайтларда жойлаштирилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги ва долзарблиги таъминланиши;
расмий веб-сайтларда жойлаштирилган ахборотларни ошкор этишда истеъмолчиларининг тўлиқ, ишончли ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши лозимгини қатъий равишда талаб қилмоқда.
https://cbu.uz/uz/press_center/news/3000247/


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter