Ўзбекистон 44 давлатга майиз экспорт қилди
Ўзбекистон 2026 йилнинг январ–апрел ойларида 44 та хорижий давлатга 24,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги 21,4 минг тонна майиз экспорт қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 5,4 минг тоннага ёки 33,5 фоизга ошган. Экспорт географиясининг 44 та давлатни қамраб олгани маҳаллий маҳсулотнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини намоён этмоқда.
Бу даврда Ўзбекистон майизининг энг йирик харидори Қозоғистон бўлди. Қўшни давлатга 7,3 минг тонна маҳсулот етказиб берилган.
Иккинчи ўринда 2,2 минг тонна билан Хитой қайд этилган бўлса, Россия бозорига 2,1 минг тонна майиз экспорт қилинди. Шунингдек, Туркияга 2 минг тонна маҳсулот жўнатилган.
Озарбайжон 801 тонна, Бирлашган Араб Амирликлари эса қарийб 740 тонна майиз импорт қилган. Қолган 6,2 минг тонна маҳсулот бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, экспорт ҳажмининг бир йилда 33,5 фоизга ўсиши ташқи бозорларда ўзбек қуритилган меваларига бўлган талаб ортиб бораётганини кўрсатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter