Ўзбекистон ва Россия нефть-газ ҳамкорлигини кенгайтиришга келишди
Ўзбекистон ва Россия нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш ҳамда етказиб бериш ҳажмини оширишга келишиб олди.
«Бу ҳақда Россия ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин маълум қилди», – деб хабар қилмоқда ТАСС.
Россия ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, икки давлат ўртасида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Жумладан, Россия мутахассислари иштирокида Ўзбекистонда янги қудуқлар бурғиланмоқда, қайта ишлаш тизимлари модернизация қилинмоқда ва газ транспорт инфратузилмаси такомиллаштирилмоқда.
Мишустиннинг сўзларига кўра, икки мамлакат 2030 йилга қадар ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробарга оширишни мақсад қилган.
«Россия Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Ўтган йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 12,5 фоизга ўсиб, тахминан 1 триллион рублга яқинлашди. Давлат раҳбарлари келишувига мувофиқ, 2030 йилгача бу кўрсаткични бир неча баробарга оширишимиз керак», – деди у.
Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов эса ўз навбатида икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга чиққанини таъкидлади.
Унинг маълум қилишича, сўнгги беш йилда ўзаро савдо ҳажми икки баробарга ошган ва 2025 йил якунига кўра 13 миллиард доллардан ошган.
«Жорий йилда ҳам ижобий динамика сақланмоқда. Йилнинг дастлабки икки ойида савдо ҳажми яна 30 фоизга ўсди», – деди Арипов.
Мутахассислар фикрича, энергетика соҳасидаги ҳамкорликнинг кенгайиши икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter