Ўзбекистонга Европа Иттифоқи комиссарлари ташриф буюрмоқда
25-27 ноябрь кунлари Европа Иттифоқининг халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Йозеф Сикела ҳамда кенгайиш масалалари бўйича комиссари Марта Кос Ўзбекистонда меҳмон бўлади.
ЕИнинг юртимиздаги делегацияси матбуот хизмати хабар беришича, комиссарлар ташриф давомида Европа ва Марказий Осиёни тезкор боғлашга қаратилган Транс-Каспий транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштиришга эътибор қаратади.
Ушбу йўлак ЕИнинг “Глобал дарвоза” (Global Gateway) инвестиция стратегияси доирасидаги асосий ташаббус бўлиб, Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Туркия, Европа ва йўлак бўйлаб жойлашган бошқа давлатларда фаровонлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЕИнинг юқори мартабали мулозимлари 27 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Транс-Каспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумида иштирок этадилар.
Комиссар Йозеф Сикела эса 26 ноябрь куни ўтказиладиган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё 3-иқтисодий форумида қатнашиб, минтақалар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратади.
Ҳар икки юқори даражадаги анжуман Ўзбекистон ҳукумати ҳамда Европа Иттифоқи томонидан Тошкентда ташкил этилади.
Ташриф давомида Европа комиссарлари бир қатор муҳим икки томонлама ва минтақавий шартномаларни имзолайди, ҳамкор давлатларнинг юқори даражадаги расмийлари билан учрашади.
“Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик бугун ҳар қачонгидан ҳам мустаҳкам бўлди десам муболаға бўлмайди. Биринчи бор бўлиб ўтган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё саммитида эълон қилинган 12 миллиард евролик “Глобал дарвоза” инвестиция пакети ва менинг жорий йилги ташрифимдан сўнг биз энди натижага йўналтирилган амалий ишларга киришдик. Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи томонидан қўшма равишда ташкил этилаётган бу икки форум давлат ва хусусий сектор инвесторларини бирлаштириб, аниқ натижаларга эришиш, иқтисодий ўсиш, янги иш ўринларини яратиш, хизматларга кенгроқ кириш ва барқарорликни ошириш учун муҳим имконият яратади”, – дейди Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела.
“Йирик минтақавий ва глобал муаммолар мавжуд транспорт йўлларига босим ўтказмоқда. Биргаликда янги инфратузилма қуриш орқали биз ўзимизга ҳаракат эркинлигини оширишимиз мумкин. Кўпроқ имкониятлар – ҳаммамиз учун кўпроқ мустақиллик демакдир. Хитой, Марказий Осиё, Кавказ ва Қора денгизни Европа билан боғлайдиган темирйўл ва портлар орқали контейнер ташиш ҳажми 2030 йилга бориб уч бараварга, 2040 йилга келиб эса беш бараварга оширилиши мумкин. Бироқ ислоҳотсиз инвестициялар бўлмайди. Тошкентдаги форум ана шу йўналишдаги бир қадамдир: барчамизга тез ҳаракатланадиган темир ва автомобил йўллари, чегараларда қисқа кутиш вақти, харажатларнинг камайтирилиши ҳамда ҳужжат айланишининг соддалаштирилиши зарур”, – дейди Кенгайиш масалалари бўйича комиссар Марта Кос.
Транс-Каспий транспорт йўлаги ва ўзаро боғлиқлик инвесторлар форуми Европа Иттифоқи, Қора денгиз бўйи ва Марказий Осиё давлатларини бир майдонга тўплаб, боғлиқлик кун тартибини илгари суришга хизмат қилади. Анжуманда 2024 йил январь ойида Брюсселда ўтказилган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё транспорт ўзаро боғлиқлиги бўйича биринчи инвесторлар форумида даврида эришилган натижаларни кўриб чиқилади.
Дастурда транспорт ва логистика бўйича сессиялар бўлиб, унда норматив уйғунлаштириш, инфратузилмага инвестициялар ва савдо йўлакларини рақамлаштириш каби ўзаро боғлиқлик жиҳатлари муҳокама қилинади.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё иқтисодий форуми эса икки минтақа ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. У 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё саммитининг мантиқий давомидир. Форум бизнес ва инвестиция муҳити, савдони енгиллаштириш, норматив-ҳуқуқий уйғунлаштириш, инвестиция имкониятлари, давлат-хусусий шерикликларини кўпайтириш ва муҳим хомашё бўйича барқарор таъминот занжирларини ривожлантиришга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter