Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Қаердасан синфдош: сукут ортидаги оғриқ ёки унутилган, унутган синфдош ҳақида эссе

Қаердасан синфдош: сукут ортидаги оғриқ ёки унутилган, унутган синфдош ҳақида эссе

foto: illyustrativ

Бор, лекин кўринмайди...

У ҳам cиз билан бирга ўқиганди. Бир партада ўтирмаса ҳам, бир синфда эди. Ҳар куни келарди. Ва ҳеч қачон ораларингизда эмасди. Кўп гапирмасди. Йўқ, балки гапиргиси келмасди, балки сиз гапиртирмадингиз, балки сиз тингламадингиз, балки сиз унинг устидан кулишни, лақаб қўйишни, инкор этишни – дўстликдан устун қўйдингиз.

У дарсларда қўл кўтармасди, у узр сўрарди, ҳатто айби бўлмаса ҳам.

У мактабни ёмон кўрмасди. У фақат... ўзини у ерда инсондек ҳис қилмасди.

Бундай камситилган ўқувчи ҳар бир синфда бўлган, эсладингизми? Эсладингизми, синфдош, камситишларни, лақаб қўйишларни, «у билан ўтирма», «унга ким гапирсааа...», деган  беғубор болаликнинг яна бошқа бир парчаси «илиқ» хотираларни. Балки сиз ўша кунларни хотираларингиз сандиғини ковласангиз ҳам топа олмассиз, аммо уни унутмаган синфдошларингиз ҳам бор, ҳар сизни эслаганида, кўнгли сим-сим оғрийди...

Булар шунчаки болалик деб ўтказиб юборилган, аммо бир инсон бир умр инкор этилишга маҳкум бўлган даврнинг бошланиши.

Ҳар бир синфда шундай синфдошлар бўлган: бор, лекин кўринмайди – ёлғиз ўтиради, ёлғиз овқатланади, ёлғиз юради...  Кейин мактаб тугайди. Сиз ўз ҳаётингизни давом эттирасиз, у ҳам ўз йўлида кетади.

Лекин ҳар йили 25 май куни сиз синфдошларингизни излайсиз, уларга қучоқ очасиз. У эса йўқ – ким менинг синфдошим, ким менинг дўстим эди, деб ўзидан сўрайди.

Ҳеч эътибор берганмисиз, синфдошларингиз орасида  мактабни битириб умуман ўзини кўрсатмай кетганлари ҳам борлигига. Тўғри баъзилар қандайдир сабаблар билан синфдошларига боғлана олмаслиги мамкин, гарчи унда умуман ҳеч қандай руҳий жароҳатлар бўлмаса ҳам... Аммо шундай синфдошларингиз борки, улар сиздан қочади, ҳа, ишонаверинг қочади, ҳозир технология ривожланган, одамлар бир-бирини осон топиш имкони бўлган бир пайтда улар телеграм группаларига кирмайдилар, ижтимоий тармоқларда сизлар билан топишишни истамайдилар. Кўпгина синфдошлар гуруҳларида – айниқса онлайн гуруҳларда (Telegram, WhatsApp, Facebook  ва ҳ.к.) – ҳамма гўё бир-бирини соғинган, болаликни эслаётгандек кўринади. Аммо бу ташқи, ижтимоий ниқоб. Чунки у ерда гапирилмайдиган, ёпиқ қолган жароҳатлар, руҳий зарбалар бор. Чунки улар учун у гуруҳлар – «эслаш», «ностальгия» эмас, балки «ҳиссий азоб»ларини эслатадиган оғриқли жой.

Синфдошлар гуруҳида кимлар йўқ?

Колорадо университети (АҚШ) аспиранти Кристофер Сибона ижтимоий тармоқларда обуна бўлиш бўйича тадқиқот ўтказди ва Facebookда кўпинча синфдошлар бир-бири билан дўстликдан воз кечишини аниқлади. Обунани бекор қилиш сабаби одатда кечагина худди шу синфда ўтирган одамларнинг дунёқараши тубдан бегоналашувидир. Жуда қўпол қилиб айтганда, бугунги кунда ёшлар орасида айтилмаган қоида бор: «Агар сиз кимнидир дўстларингиз рўйхатидан ўчириб ташласангиз, уни ҳаётингиздан ўчириб ташлаган бўласиз». Ва кўпинча буни собиқ синфдошлар қилишади. Хўш, бу сизнинг-ча, нима дегани?

Мактабни битиргач бошида уни роса излашади, ўз сафларига тортишмоқчи бўлишади, кейин эса унутишади. Ва бу унутилиш ўша синфдошга жуда ёқади, ишонинг ёқади. Чунки у вақтида қайсидир жиҳатлари синфдошларига ўхшамагани учун камситилган, лақаб олган, яккалатилган. Жуда кўпчилик ёшликни, синфдошларини беғуборлик билан боғлаган бир пайтда у айнан ўша йилларини эсласа қалбида оғриқ пайдо бўлади.

 М: «Мен синфдошлар гуруҳида йўқман. Чунки улар илк марта менга хунук лақаб қўйишган куни ҳамма кулиб юборган, мен эса ўша кечқурун йиғлаб ухлагандим. Мактабни битиргунча ўша лақаб билан қолдим. Улар учун балки болалик – ширин хотира. Мен учун эса – оғриқ, 25 йилликка ҳам бормоқчи эмасман.»

«Қизлар бугун биз синфдошлар билан 20 йилликда учрашмоқчимиз, сизлар-чи учрашиб турасизларми?», деган постга кўпчилик мактаб даврини мазза қилиб эслаган, аммо яна бир аноним ёзилган изоҳ эътиборимни тортди:

«Ҳамма синфдош деганда қувонч билан болалигини эсларкан, аммо мен эслагим келмайди у даврларни. Мени кўп мазах қилишган, баъзи бир сабабларга кўра, тўғри ёнимни олган дугоналарим ҳам бўлган, лекин жуда кўпчилик устимдан кулиб, мазахлашган. Энди ҳаммасини унутиб, бир гуруҳда «қайта болалик» ўйнашга тайёр эмасман.»

  

Демак, синфдошлар орасида сизнинг шўхлигингиз деб буллингга учраган синфдошлар ҳақида фикр юритамиз бугун. Балки «синфдошлик бу фақат яхши хотира» деган ижтимоий мифни синдирамиз. Бугун ўша пайти унутилган, ҳимоясиз қолган синфдошларни эслаймиз, уларни тинглаймиз.

Қимматга тушган «беозор» шўхликлар

Яқинда ижтимоий тармоқда бир пост ўқидим, уни бир ўқитувчи ёзган эди. Яъни ўқувчилар ногирон боланинг устидан кулишгани ҳақида эди мавзу.

Шунда бир изоҳ ўзига тортди, «тўполончи болада айб йўқ, у шунчаки шўхлик қилган...»

  

Биз мактабда ўқиб юрганда ҳам ўртоқларининг устидан кулиш ёки бирор ўқувчини яккалаб қўйиш шунчаки шўхлик деб баҳоланарди, бугун эса билдикки, бу шўхликнинг тўлови жуда қиммат, ҳаттоки бирор инсоннинг келгусидаги муваффақияти ёки жамиятга сингиб кетишига ана шу шўхликлар халақит қиларкан. Буни замонавий тилда буллинг деймиз.

Буллингнинг, яъни ўша беозор шўхликнинг психологияга таъсири жуда катта. Бу каби болалик тажрибалари инсоннинг ўз-ўзини қадрлашга ва ҳатто келажакдаги муносабатларга ҳам таъсир қилиши мумкин.

UNICEF маълумотларига кўра, ҳар уч боладан биттаси (9–15 ёш) мактабда ойда бир марта бўлсин руҳий зўравонликка учраган – масхараланган, калака қилинган, яккалатилган...

Профессор Дан Олвеус буллингни илк марта ўрганган – швед ва норвег мактабларида болаларнинг 15 фоизи агрессив муносабатга дуч келишини: 9 фоиз бола қурбон, 7 фоизи эса зўравон бўлганлигини аниқлаган.

Эслаб кўринг, айтолмайсиз менинг синфимда бирор ўқувчига бирорта зўравон синфдошим таҳдид қилмаган, ҳақорат қилмаган, масхараламаган деб. Ёки жамоадан ажралмаган, яккаланмаган ўқувчи йўқ эди деб...

Синфдошлар орасида жисмонан заиф ёки кўриниши, қиёфаси билан ажраб турадиган, ўзлаштиришда ортда қоладиган, ўқитувчидан дакки эшитадиган, оилавий шароити қийинроқ ўқувчилар бўлган ва айнан шулар кўпроқ буллингга учраган. Баъзи вақтлар эса ўқитувчи меҳр қўйган, аълочи ўқувчилар ҳам буллинг қурбони бўлган.

Мана шу мақолани ёзиш асносида бир хабарга кўзим тушди. Япониянинг 25 ёшли фуқароси бўйин мускулларини бошқаришни бутунлай йўқотди ва бошини кўтаролмай қолди. Шифокорлар унга кўп йиллик ғайритабиий тана ҳолатидан келиб чиққан «эгилган бош синдроми» нинг оғир шакли ташхисини қўйишди.

Исми ошкор этилмаган бемор болалигидан фаол бўлган, аммо мактабда таҳқирланганидан кейин ўқишни ташлаб кетган ва деярли бутун вақтини телефонига кўмилган ҳолда ўтказган. Йиллар давомида бўйин эгилган ҳолда ҳаракатсизлиги орқа мия деформациясига олиб келди. Телефон унинг ҳаётини қандай бузди, деб савол қўйилган хабарда, мен унинг ҳаётини телефон билан бирга атрофдагилар ҳам издан чиқарди деб ўйлайман.

Бир пайтлар, ҳали буллинг ҳақида унчалик маълумотга эга бўлмаганимда бир аёлнинг айтганини эсладим:

– Менга синфдошларим унчалик қизиқ эмас...

Мен: – Нимага?

У: – Чунки менинг айбим аълочи ва чиройлилигимда бўлса керак. Тўғри ўша пайти чиройимга ишонмаганман, ҳатто ўзимни энг хунук ва расво қизман деб, ўйлаганман. Бундай ўйлашимга сабаб эса бир гуруҳ синфдош қизлар ҳечам сафига қўшмасди. Қарангки, ўша масхаралаган қизлар на ўқишни қойилатди, на шахсий ҳаётни...Мен эса жуда кўп ютуқларга эришдим, аммо синфдошларимни кўрсам ўзимни барибир жуда паст баҳолайман, яна ўша эски хўрликлар эсимга тушади...

Ўшанда балки унга кўпам эътибор бермагандирман, ҳозир эса у қандай руҳий жароҳатлар билан яшаётганини, ичида алам ва ўкинч қолиб кетганини тушунаман. Тўғри баъзида бундай ҳолга тушган ўқувчи муккасидан ўқишга берилади, ютуқларга эришади ёки...

Қайси мамлакатда буллинг кўп, ўша ерда иқтисод ўсмайди

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан Ўзбекистондаги мактабларда буллинг ёки безорилик ўқувчиларнинг академик ютуқларига қандай таъсир қилиши ўрганилганида, ўқувчиларнинг руҳий саломатлиги ва таълим натижаларига салбий таъсир кўрсатиши аниқланган. Бу эса узоқ муддатда инсон капиталининг ривожланиши, демографик дивиденд, иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланишга салбий таъсир қилиши мумкин. Буллинг ҳолатлари юз берганда, у нафақат жабрланувчиларнинг руҳий ёки жисмоний ҳолатига зарар етказади балки уларнинг ўқув кўрсаткичларини пасайтириб, таълим олиш даражасининг тушишига сабаб бўларкан. Ҳатто малакаси паст ишчи кучининг шаклланишига олиб келади ва натижада иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилади. Қаранг, биз шўхлик деб атайдиган зўравонликлар иқтисодни ҳам пасайтириши мумкин экан... бу биргина синфдошнинг азияти ёки руҳий жароҳати эмас, бутун мамлакатга тегишли зарба экан. Тадқиқотда Ўзбекистонда олинган PISA 2022 сўрови натижаларидан фойдаланилган. Сўров мамлакатнинг турли ҳудудлари бўйича 15 ёшли ўқувчиларнинг жавобларини мужассам этган бўлиб, унинг асосида яратилган маълумотлар базаси 202 та мактаб ва 7293 нафар ўқувчини қамраб олган.

Мазкур сўров натижаларига кўра, камида ҳар етти ўқувчидан биттаси мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди ва зўравонлик ёки безориликка гувоҳ бўлган. Улар йилига камида бир маротаба дуч келадиган муаммолар ўқувчиларнинг ёмон гапларни тарқатиши, мактаб ҳудудида бошқа ўқувчилар билан уришиши, бошқа болалар томонидан камситилиши. Репест модели ёрдамида қилинган ушбу тадқиқот шуни кўрсатдики, мактабда хавфсизлик индексининг бир бирликка ёмонлашиши ўқувчиларнинг баҳосини математикадан ўртача 5,2 баллга, ўқишдан 6,2 баллга, табиий фанлардан 4,7 баллга камайтиради.

Америкадаги National Bullying Prevention Center маълумотларига кўра буллингга учраган ёшлар кўпинча ўзини паст баҳолайди ва депрессия, низо кўтариш каби психологик муаммоларга дуч келишади. Улар ҳамжиҳатлик, ижтимоий кўникмалар ва ишончни йўқотишади.

Синфдошларга қадрли бўла олмаганлар....  

Келинг, яна мана, ҳозир айни дақиқаларда ностальгия билан эслайдиган инсон ҳаётидаги энг ёрқин мактаб давримизга қайтамиз.

Синфдошлар, гўё узоқ йиллик, илиқ хотиралар билан боғлиқ инсонлар бир-бирини излаяпти... Аммо баъзилар учун мактаб – шўхлик, беғубор болалик деб ҳисобланган бир пайтда, баъзилар учун эса ҳазил ниқоби ортидаги буллинг – лақаб, махаз ортидаги руҳий зарбалар из қолдирган маскан бўлган. Улар синфдошларини соғинмайди, улар гуруҳларга қўшилмайди, тадбирларда иштирок этмайди: улар сукунатни танлайди. Ва уларни ҳам тушуниш керак.

Битирув оқшоми – ҳис-ҳаяжонга тўла кеча. Қувончли дақиқалар, турли роллар тақсимоти, ўқитувчига совға, ҳаммаси ажойиб  ва ҳамжиҳатликда. Лекин мана шундай қувончли кунда кимдир келмади. Ёки келиб, бир бурчакда сукут сақлади. Чунки унинг мактаб хотиралари бугунги биргина тадбир, учрашув орқали оқланмайди. Чунки у ҳар куни уйга йиғлаб қайтган. У ҳар куни ўзини ёлғиз ҳис қилган.  

Биз ҳаммани мактаб ҳақида гўзал хотираларни ўйлаб энтикишга мажбур қила олмаймиз, мактабни, синфдошларни соғинмайдиганлар, мактаб даврига қайтишни ва ҳаммага қучоқ очишни истамайдиганлар бор ва бу ҳам табиий.

Ижтимоий тармоқлардаги синфдошлар гуруҳларидаги сукутчиларни эсладингизми? Уларнинг барчаси руҳий оғриқлари билан эмас, балки баъзи сабаблар билан жим сизни кузатиши мумкин. Лекин умуман қўшилишни истамайдиганлар бор, уларни мажбурлайсиз гоҳида, нега ёзмайсан, нега кирмайсан, нега чиқиб кетдинг, дея мактабдагидек босим ўтказмоқчи бўлаётгандирсиз? Эҳтимол, улар бизга мактабни, синфдошликни, ўз болалигимиздан бошқаларнинг болалигига ҳам қараб қайта баҳолашни ўрганишимиз кераклиги ҳақида айтмоқчидир?

Ахир биз «шўхлик», беғараз ҳазил деб атаган жароҳатлар баъзилар учун бошланмаган имкониятлар, очилмаган дарвозалар бўлиши мумкин.

Нима учун биз ҳануз кечирим сўрамаймиз?

Қизиғи шундаки, буллинг қилганлар ҳаётда илгарилаб кетиши мумкин. Улар ўз қилганларини унутиб, ҳаётни «болалик ҳазиллари» билан тўла, деб эслашади. Аммо ҳазил қурбони синфдошингиз ҳануз ўша ҳазиллар остидаги ёлғизлик билан яшаб келади. У ҳануз тан олинишни, узрни интизорлик билан кутмоқда.

Биз «ҳамма болаликда шундай бўлади» деган қолипни синдирмасак, кейинги авлодларга ҳам айнан шу жароҳатларни мерос қолдирамиз.

Эсланг, юзидаги доғ туфайли ҳар доим парда ортида, одамлардан узоқ яшаётган синфдошингизни, эсланг бирор ҳайвон номини ёрлиқ қилиб ёпиштирган синфдошингизни, эсланг отасининг ичишидан, онасининг фаррошлигидан ҳижолат бўлган тенгдошингизни. Агар уларни сиз қўллаб-қувватлаганингизда балки ўзини чеккага олмасди. Баъзи лақаблар, ҳақоратлар унутилмайди, чунки улар оддий сўз эмас...

 

Кечирим сўрашга вақтимиз борми?

Ҳаммамиз бир вақтлар шунчаки «шўхлик» деб ўйлаган болалигимиз бутун бир одамнинг ҳаётини ўзгартирган бўлиши мумкин. Ҳар бир айтилган сўз, ҳар бир мазах, ҳар бир «болаликда ҳамма нарса беғубор бўлади», деган тушунча кейинчалик кескин таъсир қилиши мумкин.

Кечирим сўрашга кеч эмас, тўғрими? Чунки ҳақиқий синфдош ўтмишда қилган хатоси учун кечирим сўрашни ҳам билади.

Ҳар йили 25 май куни мактаб, устозлар, синфдошлар эсланади.

Ҳар йили синфдошлар учрашувидан видео, суратлар қўйилади, ҳаётдан эрта кетганлар дуо билан эсланади. Лекин орангиздан қалбан кетиб қолганлар-чи? Қаторларингизда бор бўлиб лақаблар, масхаралар, инкорлар остида ўз «мен»ини йўқотганлар-чи?

Уларни ҳам кимдир эслайдими? Синфда «ҳаммага мослашган», ҳаммага ўхшаганларни эслаш осон. Лекин бизга «мослаша олмаган», «тўғри келмаган»лар бугун қаерда?  

Ҳақиқий қадрдонлик – ҳамма билан суратга тушиш, бирдамлик, йиғилиш эмас, балки бир пайтлар унутилган, яккалатилган инсондан кечирим сўрай олиш ҳам.

25 май том маънода битирув оқшоми ва синфдошлар куни.

Лекин бу сафар, илтимос, фақат бир пайт қўл берганларингизни, қўллаб-қувватлаганларингизни эмас, бир умр сиздан ўзини олиб қочган, сукутдаги синфдошингизни ҳам эсланг. У қаерда? У ҳали ҳам синфдошларига нисбатан сукут сақлаяптими?

Қаердасан синфдош?

Мана сен ҳақингда мақола ёзилибди. Сенга кеч бўлса-да, қулоқ тутилмоқда, сени эшитишга тайёрмиз...... денг.

Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг