Қарши туманидаги портлашда 6 киши ҳалок бўлди
Қарши туманидаги портлашда 6 киши ҳалок бўлди.
Бугун, 8 июн куни соат 13:50 да Қашқадарё вилояти ФВБга, Қарши тумани, «Чаман» МФЙда жойлашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги маиший газ баллонларига суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш бўлганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Шунга кўра, 5 та қутқарув бўлинмалари соат 14:02 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 14:05 да ўраб олинган ва соат 14:55 да ўчирилган.
Дастлабки маълумотга кўра, 4 та автомобил (2 та Кобалт, 2 та газ ташишга мўлжалланган автомобил) ҳамда 2 та ер остидаги ёқилғи сақлаш резервуари ёниб зарарланган.
Оқибатда 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 5 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.
Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг топшириқларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида масъул вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ҳукумат комиссиясини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши қабул қилинди.
Ҳукумат комиссиясига жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш, портлаш оқибатларини бартараф қилиш, ушбу бахтсиз ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ҳамда келгусида бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди.
Ҳозирда ёнғин содир бўлган ҳудуд тўлиқ назоратга олиниб, унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter