Сирдарё ва Андижонда солиқчилар жиноят устида қўлга олинди
Жорий йил 7 ноябрь куни Сирдарё вилояти Солиқ бошқармаси бош инспектори Сирдарё туманида фаолият юритувчи МЧЖда ўтказилаётган текширув жараёнида солиқдан 400 млн. сўм миқдорида қарздорлик борлигини аниқлайди.
Тақдим этилган хужжатлар асосда, бундай ҳолатлар учун аслида қонунчиликда маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, ўзининг беминнат ёрдамини таклиф этган Солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи, бош инспектор билан келишган ҳолда ушбу қарздорликни 90 млн сўмгача камайтириб беришни ваъда қилади.
У «холис» хизмати эвазига 1.500 доллар миқдоридаги пулни олган вақтида ДХХ ва Прокуратура ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, солиқ қарздорлигини айтилган суммага камайтириш бўйича расмийлаштирилган тегишли далолатномани жамият рахбарига берган вақтида бош инспектор ҳам процессуал тартибда ушланди.
Ҳозирда мазкур солиқ ходимларига нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Навбатдаги ҳолатда, Андижон вилояти Солиқ бошқармасининг бўлим инспектори вилоятнинг Улуғнор туманида қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланувчи МЧЖнинг юридик манзилини ўрганиш бўйича текширув олиб боради. Натижада, у МЧЖ тегишли манзилда фаолият юритмаётгани, ҳисоботда кўрсатилган қолдиқдаги товар-моддий бойликлар бўйича бир қатор номутаносибликлар борлигини аниқлайди. У ҳолатга оид далолатнома расмийлаштириб, жамиятнинг банк ҳисоб рақами орқали амалга ошириладиган операцияларни тўхтатиб қўяди.
Аммо, ушбу солиқ инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, аниқланган камчиликлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомасини расмийлаштирмаслик ҳамда банк ҳисоб рақамига қўйилган тақиқни олиб ташлашини айтиб, МЧЖ ҳисобчисидан 500 АҚШ доллари талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати, Солиқ қўмитаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда солиқ идораси ходими
6 млн сўм эквивалентидаги пул маблағини ўзининг қариндошларига тегишли 2 та банк пластик картасига ўтказдириб олган вақтида ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Бошқа бир ҳолатда эса, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси моддий манфаатдорлик эвазига фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг жавобгар шахсга нисбатан банк томонидан белгиланган 117 млн 804 минг сўм қарздорликни банк фойдасига ундириш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича чиқарилган ижро варақани суд тизимида ишловчи танишлари орқали бекор қилишни ваъда қилади.
Шунингдек, у суд ишни кўриб чиққанлиги учун белгиланган давлат божидан гўёки озод қилиш, жавобгарнинг автотранспорт воситасига қўйилган тақиқни олиб ташлашини ҳам айтиб, эвазига 500 АҚШ доллари беришини сўрайди. У талаб қилган пул маблағини ўзининг таниши орқали олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бюронинг вилоят бошқармаси шахсий хавфсизлик шўъбаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда давлат ижрочисига нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter