Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Субсидия олиб бераман. Бойиб кетасан... »

«Субсидия олиб бераман. Бойиб кетасан... »

Фото: Xabar.uz

Бухоро вилояти, Қоракўл туманида 90 миллион сўмлик кредит ўзлаштирган фуқаро судланди. У яқин қариндошлари ҳамда маҳалла фуқароларини «Субсидия олиб бераман, бойиб кетасан. Ишларинг юришиб, йирик тадбиркор бўласан”, деб алдаб келган.

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туман суди раиси томонидан чиқарилган ҳукм маҳалла тизимидаги ҳар бир фаол, хусусан, давлат субсидиялари билан боғлиқ шахсларни эҳтиёткорликка чорлайди.

Таъкидланишича, суд олдида икки фарзанднинг онаси, олий маълумотли, бир пайтлар маҳаллий маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда ишлаган Д.Ҳ. жавобгарликка тортилган. У ўз фаолияти давомида оддий тадбиркорлик эмас, балки, ишончни қурол қилиб, «фирибгарлик схемаси»ни йўлга қўйиб келган. Д.Ҳ. ўзининг бу «схемаси»ни, аввало, яқин қариндошларининг ишончига киришдан бошлаган. У, дастлаб, яқин қариндошларига «Axmed Asad magamed» ва «Anbaroy tomorqa xizmat» номли хўжалик юритувчи субъектлар орқали аҳолига микрокредитлар олиб бериш, давлат субсидиялари билан ёрдам беришни ваъда қилган. Бу орқали Д,Ҳ. маҳаллада ишонч қозонган, ҳатто, ҳоким ёрдамчилари ва масъул ходимлар ҳам уни ташаббускор сифатида танишган. Бироқ, Д.Ҳ. бу ишончни кейинчалик шахсий манфаат учун қуролга айлантира бошлаган. Суд ҳужжатларига кўра, у бир нечта фуқаролар номидан электрон имзо олиб, уларнинг номидан кредит расмийлаштирган ва маблағларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.

У қайнакаси А.Р. нинг ҳужжатларидан фойдаланиб, унинг номидан 31 миллион 800 минг сўм кредит расмийлаштирган. Уни ҳам қарздорга айлантирган. Ушбу маблағни тўлиқ ўзига олиб, оилавий эҳтиёжларга сарфлаган. Бироқ, қайнакаси бу ҳақда ҳеч нарса билмаган. Натижада А.Р. банк қарздорлари рўйхатида пайдо бўлган. Ҳатто, унинг номидан давлат субсидияси бўйича тўловлар ҳам ўтган бўлган.

Д.Ҳ. ўз хатти-ҳаракатларини ҳеч иккиланишларсиз давом эттириб, энди маҳалладаги фаол фуқароларни ҳам «иш билан таъминлаш» йўлига ўтган. Фуқаро Ш.С. номидан 28 миллион сўмлик кредит ўзлаштириб, “тикув машинкалари сотиб олган: «иш очамиз» деб ваъда қилган. Лекин, Ш.С.га ҳеч қандай машинка етказиб берилмаган. Д.Ҳ. ўз турмуш ўртоғи Т.Ҳ. номидан 33 миллион сўмлик кредитни «мототранспорт сотиб оламиз» деб олган ва маблағларни ўзлаштирган. Суд ҳисоб-китобига кўра, умумий зарар 90 миллион сўмдан ортиқ бўлган.

Суд жараёнида Д.Ҳ. айбини қисман тан олган, у бу пулларни ўз вақтида қоплаш нияти бўлганини, оилавий қийинчиликлар сабаб шундай йўл тутишга мажбур бўлганини айтган. Аммо, жабрланувчилар унга ишонмаган.

Гувоҳлар, маҳалла масъуллари ва ҳоким ёрдамчилари унинг барча ҳужжатларни электрон имзо орқали мустақил расмийлаштирганини, кредит ўзлаштиришлари борасида ҳеч кимга хабар бермаганини тасдиқлаган.

Суд иш жараёнида айбланувчи ўз манфаати йўлида қариндошлик, ишонч ва давлат ёрдами тизимидан фойдалангани ошкор бўлган.

Қоракўл туман суди ҳукмига кўра, айбдорга нисбатан узил-кесил 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг