Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туризм қўмитасининг хорижий давлатларда ваколатхоналари очилади

Туризм қўмитасининг хорижий давлатларда ваколатхоналари очилади

Президентнинг тегишли қарори билан миллий туристик маҳсулотларни жаҳонда оммалаштириш мақсадида Туризм қўмитаси раисининг миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича ўринбосари лавозими жорий этилмоқда.

Шунингдек, Қўмитанинг хорижий мамлакатлардаги ваколатхоналари ташкил этилади. Бунда ваколатхоналар ўзи фаолият юритадиган давлатларда тегишли вазифаларни бажариши белгилаб берилади.

Қўмита раисининг миллий туристик маҳсулотларни оммалаштириш бўйича ўринбосари эса «Миллий PR-маркази» давлат муассасаси ва ваколатхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда миллий туристик маҳсулотларнинг самарали маркетинги учун шахсан масъул ва жавобгар этиб белгиланади.

Ҳужжатга мувофиқ, Қўмита Ташқи ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон ҳудудига кириш учун визасиз режим жорий этиладиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда мамлакат ҳудудига кириш ва унинг ҳудудида бўлиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштириш ишларини амалга оширади.

Қолаверса, туристларни жалб қилиш бўйича қўшимча имкониятларни ишга солиш мақсадида 2026–2028 йилларда Самарқанд шаҳридаги энг муҳим тарихий объектларни боғловчи 6,6 км узунликдаги туристик маршрутни ташкил этиш бўйича «Самарқанднинг мерос йўли» лойиҳаси амалга оширилади. Хива шаҳридаги Ичан-қалъа мажмуасини эса аҳолининг турмуш тарзи, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ва коммуникация тизимини тарихий муҳит билан уйғунлаштирган ҳолда жаҳонда ягона бўлган иммерсив ва «ақлли» музей-шаҳарга айлантирилади.

Бундан ташқари, жаҳонга машҳур кийим-кечак брендларини савдо-кўнгилочар мажмуаларга жалб қилиш ҳамда шаҳарлар четларида миллий архитектура услубига асосланган замонавий аутлет марказлар ташкил этилади.

Бунда:

  • биринчи босқичда (2030 йилгача) – Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларида;
  • иккинчи босқичда (2030 йилдан бошлаб) – туристик салоҳияти юқори бўлган бошқа аҳоли пунктларида.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг