Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турк олимларидан космосда муҳим кашфиёт: 7 та янги ген топилди (видео)

Турк олимларидан космосда муҳим кашфиёт: 7 та янги ген топилди (видео)

Туркиянинг илк бошқарилувчи фазовий дастури доирасида 2024 йилда Алпер Гезеравжи, сўнгра Тува Жиҳангир Атасевер коинотга парвоз қилиб, кенг кўламли тадқиқотларни амалга оширган эди. Ер сатҳидан 100 ва 440 километр баландликда ўтказилган ушбу миссиялар давомида соҳа учун муҳим аҳамиятга эга бир қатор илмий тажрибалар муваффақиятли бажарилди.

Биринчи миссия доирасида жами 13 та илмий тажриба амалга оширилди. Улар орасида Жиҳон Таштан бошчилигида ишлаб чиқилган лойиҳа алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ушбу лойиҳа космос муҳитининг инсон генларига таъсирини ўрганишга қаратилган. Тадқиқотлар аввал лаборатория шароитида, сунъий микрогравитация муҳитида бошланган бўлиб, унда инсон қонида ген ифодаланишининг ўзгариши ва ҳужайраларнинг турлича ҳаракат қилиши кузатилган. Космик миссия амалга оширилиши билан ушбу тадқиқотларни бевосита космос муҳитида давом эттириш имконияти яратилди.

Олинган натижаларга кўра, космос муҳити инсон организмига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Хусусан, астронавтлардан олинган ДНК таҳлиллари ҳужайралардаги теломерлар узайгани, яъни уларнинг ҳужайралари соғлом ва узоқ умрли бўлишга мослашганини кўрсатди. Шунингдек, инсоннинг узоқ ва соғлом яшаши билан боғлиқ бўлган генларнинг фаоллиги ошгани аниқланди. Бу ҳолат космос муҳити айрим биологик жараёнларга ижобий таъсир кўрсатишини англатади.

Тадқиқотлар давомида яна бир муҳим натижа қайд этилди. Илмий адабиётларда ҳали номланмаган еттита янги ген космос муҳитида фаоллашгани аниқланди. Жиҳон Таштаннинг таъкидлашича, бу генларнинг космос билан ўзаро таъсири илк бор аниқланган. Шу билан бирга, космос шароитида инсон иммун тизими саратон ва бошқа касалликларга қарши кучлироқ жавоб бериши мумкинлиги кузатилган. Олимлар бир қатор хасталиклар, жумладан Алцгеймер, Паркинсон, шизофрения, депрессия ва хавотир ҳолатлари ҳам космос муҳитида маълум даражада таъсирланишини қайд этмоқда.

Олинган илмий натижалар янги тадқиқотлар учун кенг имкониятлар яратади. Космосда аниқланган ушбу генлар ер шароитида янги дори воситаларини ишлаб чиқиш ва самарали даволаш усулларини топишда муҳим аҳамият касб этиши мумкин. Бу тадқиқотлар космик тиббиёт ва биология соҳаларида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.

Илмий анъаналарга мувофиқ, янги кашф этилган генларга ном бериш ҳуқуқи тадқиқотни амалга оширган олимларга тегишли бўлади. Шу боис, космосда аниқланган мазкур еттита генга Туркия олимлари ном беради. Келгусида бу номлар халқаро илмий адабиётларда қўлланилиши ва космик тадқиқотларда турк олимларининг ҳиссаси алоҳида қайд этилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг