Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркия Самарқандда қабул қилинган тарихий қарорни олқишлади

Туркия Самарқандда қабул қилинган тарихий қарорни олқишлади

Бурҳониддин Дуран.

Фото: AA

Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси раҳбари Бурҳониддин Дуран Самарқандда ўтаётган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясида 15 декабрь санаси Бутунжаҳон туркий тил оиласи куни (World Turkic Language Family Day) деб эълон қилинганини олқишлади.

“Тил – миллатнинг хотираси ва маданиятининг муҳофизидир. Биз бепоён жуғрофий ҳудудларга ёйилган туркий тил оиласининг бирлаштирувчи куч-салоҳиятидан ҳамиша ғурур туямиз”, – деди сиёсий фанлар доктори Бурҳониддин Дуран.

Расмий Анқаранинг юқори мартабали мулозими Туркия ҳамда туркий давлатлар томонидан ҳозирланган ушбу муҳим қарор туркий тилни асраб-авайлаш, муштарак тарихий меросни авлодларга етказиш ҳамда қардош ўлкалар ўртасидаги робиталарни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.

Туркия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида эса ушбу ҳодиса олқишланар экан, Бутунжаҳон туркий тил оиласи куни санаси туркий дунёнинг кўҳна шаҳарларидан бири Самарқандда эълон қилингани рамзий маъно касб этиши урғуланган.

Туркиянинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Гулнур Айбет ҳам тил нафақат мулоқот воситаси, балки миллатнинг хотираси, ўзлиги ва донишмандлигини авлоддан авлодга етказувчи хазина эканини таъкидлаган. Дипломат таъкидича, улкан жуғрофий ҳудуддаги 200 миллиондан зиёд киши сўзлашаётган туркий тил оиласи ўзида кўп асрлик қадриятларни мужассам этгандир.

Маълумот ўрнида: Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жорий йил 7 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг Габалада бўлиб ўтган саммитида 15 декабрни Бутунжаҳон туркий тил оиласи куни этиб белгилашни таклиф қилган эди. Халқаро сана сифатида 15 декабрь танлангани бежиз эмас. Дунё аҳли 1893 йилнинг айни шу санасида туркий элларнинг энг қадимги умумий ёдгорлиги – Ўрхун битиклари табдил қилинганидан воқиф бўлган эди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг