Украинанинг Трамп маъмуриятидаги дўсти ишдан кетмоқда
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог 2026 йил январь ойида ишдан кетади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Кит Келлог Трамп маъмуриятида Украина масалалари бўйича кўплаб амалдорлар ишлаётгани ва айрим ҳолатлардан ҳафсаласи пир бўлгани сабаб истеъфо қарорини қабул қилган.
Келлог президент Трамп маъмурияти тинчлик музокараларини Украина эмас, балки Россия пайсалга солаётганини тан олмаётганидан ҳам норози экани айтилмоқда.
Истеъфодаги генерал Келлогнинг ишдан кетиши Украина учун нохуш янгилик ҳисобланади. Чунки у Вашингтон маъмурияти Москва томон оғиб кетаётган паллада Киев манфаатларини фаол ва изчил ҳимоя қилиб келган. Кит Келлог Россия президенти Владимир Путинга хайрихоҳ кайфиятдаги ҳамкасби – Трампнинг бошқа бир махсус вакили Стив Уиткофф билан ҳам даҳанаки тортишувларга боргани хабар қилинган.
Эътиборга молик жиҳати, жорий йил март ойида президент Трамп Кит Келлогни Украинада урушни тўхтатиш бўйича музокаралардан четлатганди. NBC манбаларига кўра, бунга Кремлнинг сўрови сабаб бўлган. Президент Путинга Келлогнинг “украинпараст кайфиятда” экани маъқул келмаган.
Генерал Келлогнинг истеъфоси ҳақидаги хабар тарқалиши Трамп маъмурияти Россия–Украина урушига барҳам бериш бўйича янги режа ишлаб чиққани маълум бўлган паллага тўғри келмоқда. Оқ уй таклиф этаётган “Кремлнинг деярли барча талабларини акс эттирган” янги келишувни Украина ва унинг иттифоқчилари “Россия учун улкан имтиёз” деб қабул қилиши мумкин.
Аввал хабар берганимиздек, Трамп маъмурияти ишлаб чиққан 28 банддан иборат тинчлик режаси Украина армияси Донецк вилоятидан чиқиб кетиши, яъни Донбассни амалда Россияга топшириши, АҚШ ва Европанинг Қрим ва Донбассни Россия ҳудуди сифатида тан олиши ҳамда Украина армиясини қисқартириш каби таклифларни ўз ичига олади.
Таҳлилчиларга кўра, бу ҳолат Трамп маъмуриятидаги Стив Уиткофф каби Россияга хайрихоҳ мулозимлар генерал Келлог каби Украина манфаатларини қатъий ҳимоя қилувчи мулозимлардан устун келганини англатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter