Янги Тошкент халқаро аэропортига метро йўли қурилади

Янги Тошкент халқаро аэропортига метро йўли қурилиши режалаштирилган.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 15 октябр куни «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатувида маълум қилган.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, 1310 гектар ҳудудда қурилаётган мазкур аэропорт самолётлар паркини 180 та самолёт билан тўлдирилса, бу Ўзбекистон иқтисодиётига йилига 700 миллион доллар даромад келтиради.
«Биз танлаган жой хавфсизлик, учиш ва қўниш нуқтаи назаридан энг мўътадил. Аэропорт Тошкент ва Янги Тошкент чорраҳасида жойлашган. Унга кўпи билан 25 дақиқада етиб борилади — масофа 24 км. Бироқ, биз қатновларни ташкил қиламиз, Худо хоҳласа, у ерда метро қурамиз. Ҳаммаси уйғунлик билан амалга оширилади», – деди Президент.
Мирзиёев ўз нутқида яқин беш йил ичида қўшимча 75 та янги самолёт сотиб олиш режасини ҳам маълум қилди. 2030 йилгача йўналишлар сонини 230 тага, ички ва халқаро рейслар ҳажмини эса йилига 200 мингтага етказиш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 15 октябр куни Президент Тошкент вилоятидаги янги халқаро аэропорт лойиҳасини кўздан кечирди ва бўлажак аэропортга тамал тошини қўйиб, қурилиш ишларини расман бошлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter