Йил бошидан буён Сирдарёда 3 нафар ИИБ ходими жиноятга қўл урган
Ички ишлар вазирлиги тизимини мансаб ваколатидан фойдаланиб, коррупция омилларига йўл қўяётган нопок ходимлардан тозалаш мақсадида доимий равишда назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Навбатдаги, ана шундай тадбир Сирдарё вилоятида бўлиб ўтди. Ички ишлар вазири ўринбосари Д.Назармухаммедов томонидан ўтказилган йиғилишда бу борада жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида вилоятда амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди.
Йиғилишда ҳар бир ходим ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, тартиб-интизом асосида, садоқат билан хизмат қилиши, ноқонуний ва коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик борасида назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Хизмат фаолияти давомида намунали иш олиб бораётган, коррупцион омилларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиб, пора таклиф қилган шахслар ҳақида хабар берган ходимларга миннатдорчилик билдирилди. Таъкидлаш жоизки, ўтган ўн ой давомида Сирдарё вилоятида 7 та ҳолатда ходимларга пора таклиф қилган шахслар аниқланиб, чора кўрилган.
Афсуски, шу билан бир қаторда хизмат вазифасига панжа ортидан қараб, белгиланган вазифаларни бажаришда сусткашликларга йўл қўяётган айрим ходимларнинг борлиги соҳага салбий таъсир кўрсатаётганлиги таъкидланди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган ўн ойида Сирдарё вилояти ИИБ тизимида ана шундай камчиликларга йўл қўйган 96 нафар ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Иккита ҳолатда 3 нафар ходим жиноятга қўл урганлиги муҳокама қилинди.
Аниқланган ноқонуний ҳаракатлар юзасидан эса кескин чоралар кўрилиб, шахсий таркиб ўртасида муҳокамалар ўтказиш тизимли тарзда йўлга қўйилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter