Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Йоҳанн Вадефул олмон дипломатиясининг бош мақсадини очиқлади

Йоҳанн Вадефул олмон дипломатиясининг бош мақсадини очиқлади

Фото: dpa

Дунёда беқарорлик авж олган ҳозирги даврда дипломатиянинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортди, деб ҳисоблайди Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефул. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги қайта ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда нутқ сўзлаган олмон бош дипломати уч асосий глобал таҳдидга эътибор қаратди.

«Бугун дипломатия ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканига имоним комил. Бинобарин, қаршимизда мисли кўрилмаган улкан таҳдидлар турибди. Мен уч жиҳатни санаб ўтмоқчиман. Биринчидан, биз сўнгги 75 йил мобайнида кўриб-билиб келганимиз халқаро тартиб босим остида қолмоқда — айримлар уни яксон қилишга уринмоқда. Иккинчидан, Трансатлантик алоқаларимиз чуқур ўзгаришга юз тутмоқда. Айнан Америка Қўшма Штатлари бизни нацистлар режимидан халос этгани, ёш Германия Федератив Республикасига улкан таъсир кўрсатгани ва бизнинг бирлашувимизга ҳисса қўшганини ҳеч қачон унутмаслигимизни зарур. Учинчидан, Европа бир неча авлод ҳаёти мобайнида илк бор бир вақтнинг ўзида ўз чегаралари ва қўшни минтақада иккита урушга рўбарў келмоқда: қитъамиз юрагида Россия ўз қўшниси Украинага қарши бошлаган тажовузкор уруш ҳамда Яқин Шарқ ва Форс кўрфази минтақасидаги муҳорабани назарда тутаётирман», — деди ТИВ Йоҳанн Вадефул.

Германиянинг ўз хавфсизлиги ҳам сўнгги 75 йил ичида таҳдид остида қолмоқда.

«Шу боис биз Европа аҳли бир тану бир жон бўлишимиз керак. Европани хавфсиз-хатарсиз қилиш устувор мақсад бўлиши лозим. Мана шундай таҳдид ва хавф-хатарларни инобатга олиб, хавфсиз, эркин ва фаровон келажакни барпо этишдан тўхтамасдан, уни асраб қолишга интилишни мен Германия дипломатиясининг асосий вазифаси деб ҳисоблайман», — деди сиёсатчи.

Нотиққа кўра, замонавий таҳдидлар муаммоларни ҳал этиш борасида янгича ёндашувларни амалга татбиқ этиш, дипломатик хизматни давр талаблари асосида ислоҳ қилишни тақозо этмоқда. Шунга мувофиқ ноябр ойидан эътиборан Германия дипломатик хизмати тузилмалари дунёдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда қайта ташкил этилади.

«Бу биз иш услубимизни ҳам қайта кўриб чиқишимиз лозимлигини англатади. Ахир, сунъий интеллект, янги коммуникация воситалари бизнинг касбимизни ҳам ўзгартирмоқда. Дарвоқе, мен 60 ёшдан ошган вазир сифатида ижтимоий тармоқларда саҳифа юритишим сабабларидан бири ҳам шу. Мен ишонаманки, бугун биз ҳам хорижда, ҳам ўз ватанимизда ташқи сиёсатни яхшироқ тушунтиришимиз керак», — деди Вадефул.

Вазир ўз нутқи мобайнида ўтмишда ҳамда бугун дипломатия каби машаққатли ва шарафли касб мажбуриятларини виждонан адо этган ва адо этиб келаётган юртдошларини эҳтиром билан тилга олган.

Маълумот ўрнида: Германия ташқи ишлар вазирлиги (Auswärtiges Amt) асли 1870 йилда таъсис этилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин, 1951 йилнинг 15 мартида ташқи сиёсат маҳкамаси демократия ва эркинлик тамойиллари асосида қайтадан ташкил қилинган. Атоқли сиёсий арбоб Конрад Аденауэр илк федерал ташқи ишлар вазири сифатида фаолиятга киришган.

Айни пайтда пойтахт Берлин ҳамда Бонн шаҳрида идораларга, хорижда 230 га яқин ваколатхоналарга эга вазирлик Германиянинг чет мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан робиталарига масъулдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг