Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Инсоният ярим аср кутган фотосуратлар

Инсоният ярим аср кутган фотосуратлар

Фото: NASA

АҚШнинг Миллий аэронавтика ва фазовий тадқиқотлар идораси (NASA) “Artemis II” миссияси орқали инсониятнинг Ойга қайтиш йўлидаги орзусини рўёбга чиқармоқда.

NASA мазкур миссия доирасида олинган фотосуратларни эълон қилди.

400 минг км масофадан юборилган суратларда она сайёрамизнинг ақлни шоширувчи манзараси, Ойнинг сирли-тилсимли нуқталари, шунингдек, фазогирларнинг кундалик ҳаёти муҳрланган.

Аввал хабар берганимиздек, мазкур миссия доирасида Ой томон парвоз қилган “Орион” фазовий кемаси экипажи Ердан 252 756 миль (қарийб 407 минг км) масофага узоқлашди.

Бу билан “Аполлон-13” кўрсаткичи янгиланиб, инсоннинг коинотга парвозлари тарихидаги энг олис масофага борилди.

Тўрт нафар астронавт: америкаликлар – Рид Вайсман, Виктор Гловер, Кристина Кук ҳамда канадалик Жереми Ҳансен Ой атрофини айланиб ўтиш давомида олти соатга яқин вақтни белгиланган орбитада ўтказди. Астронавтлар Ойнинг орқа томонини, шунингдек, Ой Қуёш дискини тўсиб, унинг тожини кўриш имконини берувчи тўлиқ Қуёш тутилиши ҳодисасини кузатиш имконига эга бўлдилар.

Бу парвоз сўнгги ярим аср ичида Ойга йўл олаётган илк экипажли миссия сифатида тарихга киради. Маълумот учун, Ойга инсон иштирокидаги охирги парвоз 1972 йил декабрь ойида “Аполлон-17” миссияси доирасида амалга оширилган эди.

“Artemis II”нинг 10 кунлик миссияси муваффақиятли ўтса, кейинги босқичда инсонларнинг Ой юзасига тушиши ва ҳатто у ерда доимий инфратузилма яратиш режаси реал тус олиши мумкин.

“Artemis II” миссияси геосиёсий аҳамиятга ҳам эга. Сўнгги йилларда Хитойнинг космик дастури фаоллашиб, Ойга инсон юбориш режалари АҚШ учун жиддий рақобатга айланди. Шу боис NASA бу миссияни XXI асрда космосда етакчиликни сақлаб қолиш йўлида муҳим қадам сифатида кўрмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг