АҚШ тинчлик режасининг «қаҳрамонлари» ким экани аниқ бўлди
Украина бўйича тинчлик шартномаси муаллифлари ким экани айтилди. АҚШнинг махсус элчиси Стив Уиткофф ва президентнинг куёви Жаред Кушнер томонидан Украина учун 28 банддан иборат режа тузилган. Axios нашрининг манбаларга таяниб хабар беришича, вице-президент Ж.Д. Вэнс ва давлат котиби Марко Рубио ҳужжатни муҳокама қилиш учун мақбул деб ҳисоблашган.
Вэнс режани кўриб чиқиб, Рубио билан маслаҳатлашгандан сўнг, иккаласи Президент Доналд Трампнинг розилигини олиш учун Оқ уйда учрашув ўтказишган.
Axios манбаларига кўра, учрашув 18 ноябрь куни бўлиб ўтди. Трамп охир-оқибат музокаралар учун рухсат берди, чунки «Вэнс ва Рубио 28 банддан иборат режа катта ютуқларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ишончли далилларни келтирдилар». Трамп шунингдек, таклифларни Украина томонига етказиш учун Вэнснинг дўсти, АҚШ армияси котиби Ден Дрисколлни танлашни тавсия қилди. Дрисколл аллақачон Украинанинг ҳарбий тайёргарлигини баҳолаш учун Киевга боришни режалаштирган эди.
Нашр маълумотларига кўра, АҚШ маъмурияти аъзолари Украина билан боғлиқ вазиятни мунтазам равишда телефон орқали муҳокама қилишган. Трампнинг энг яқин шериклари ҳафтада бир марта Вэнс, Рубио, Уиткофф, Кушнер ва Оқ уй аппарати раҳбари Сюзи Уайлсдан иборат кичик гуруҳда учрашишган.
Axios`нинг таъкидлашича, 23 ноябр куни Женевада АҚШ ва Украина вакиллари ўртасидаги музокаралардан сўнг режа 28 тадан 20 тагача қисқартирилди. Улардан 18 таси бўйича келишувга эришилди. Айрим таҳлилчилар келишув бандларини Россияга ён босилган дея таърифлади.
Аввалроқ АҚШ маъмурияти Украинадаги келишув бўйича 28 банддан иборат режани тақдим этган эди. ОАВ хабарларига кўра, режа, бошқа нарсалар қатори, НАТО Низомининг 5-моддасига асосланган хавфсизлик кафолатларини, Россия ва Украина ўртасидаги тажовуз қилмаслик тўғрисидаги битимни, Киевнинг НАТОГА қўшилишдан бош тортишини ва Украина қуролли кучлари сонини қисқартиришни ўз ичига олган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter