АҚШда демократлар Эрон бўйича янги тактика ўйламоқда
АҚШ Конгрессида демократлар Эрон билан боғлиқ ҳарбий ваколатлар масаласида янги сиёсий тактикани муҳокама қилмоқда.
Axios маълумотига кўра, бир гуруҳ депутатлар уруш ваколатлари тўғрисидаги резолюцияни ҳар куни овозга қўйиш орқали босимни кучайтиришни таклиф қилган.
Бу ғоя Конгрессдаги прогрессив демократлар йиғинида кўтарилган. Манбаларга кўра, ҳозирча бу якуний қарор эмас, аммо кўплаб депутатлар бу таклифга қизиқиш билдирган.
Ташаббусга кўра, Конгресс ишлаётган ҳар бир кунда янги резолюция киритилиб, овозга қўйилади. Шу орқали масала кун тартибидан тушмаслиги таъминланади.
Аввалроқ бу борадаги резолюция овоз беришда жуда кичик фарқ билан рад этилган эди – 213 депутат қарши, 214 нафар қўллаб-қувватлаган.
Муҳокамаларда айрим марказчи демократлар ҳам ушбу ташаббусни рад этмади. Улар зарур бўлса, бир неча марта овоз беришга тайёр эканини билдирган.
Ташаббус тарафдорлари фикрича, ҳатто резолюциялар қабул қилинмаса ҳам, бундай ёндашув Конгресс аъзоларининг позициясини очиқ кўрсатиб беради ва жамоатчилик эътиборини сақлаб туради.
Шунингдек, бу орқали ёқилғи нархларининг ошиши каби иккинчи даражали оқибатлар ҳам сиёсий муҳокама марказида қолади.
Кузатувчилар фикрича, бу усул демократлар томонидан Трамп маъмурияти сиёсатига қарши босимни кучайтиришга қаратилган янги стратегия ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter