Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Дания билан бирлашиш» фурсати келди — Норвегия бош вазири

«Дания билан бирлашиш» фурсати келди — Норвегия бош вазири

Йонас Гар Стёре.

Фото: Global Look Press

Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре АҚШнинг Гренландияга даъволари фонида «Дания билан бирлашиш» пайти келганини таъкидлади.

Норвегиянинг NRK телерадиокомпанияси хабар беришича, Стёре сешанба куни Парижда Дания бош вазири Метте Фредериксен билан мулоқот қилган.

«Ҳозир Дания билан бирлашиш фурсати келди... Метте Фредериксеннинг менга айтган охирги сўзлари шу: «Энди ҳаммаси жиддий, Йонас», — Стёредан иқтибос келтирди NRK.

Аввалроқ Wall Street Journal манбаларга асосланиб, АҚШ Гренландияни Даниядан сотиб олишни кўзлаётганини ёзганди. Айни бир паллада Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро америкалик ҳамкасби Марко Рубио оролни босиб олиш Қўшма Штатлар режасига кирмаслигига уни ишонтирганини таъкидлаган.

Доналд Трамп 2025 йил декабрида Луизиана штати губернатори Жефф Лэндрини Гренландия бўйича махсус вакил этиб тайинлаганди. Кейинроқ губернатор Вашингтон оролни АҚШнинг бир қисмига айлантирмоқчи эканини тасдиқлади. Бундан жуда ғазабланган Дания ТИВ раҳбари Ларс Лёкке Расмуссен АҚШнинг Копенгагендаги элчисини чақириб, тушунтириш талаб қилишини айтганди. Дания ва Гренландия бош вазирлари — Метте Фредериксен ва Йенс-Фредерик Нилсен қўшма баёнотда АҚШни оролни босиб олишдан огоҳлантириб, уларнинг умумий ҳудудий яхлитлиги ҳурмат қилинишини кутишаётганини таъкидлашганди.

Трамп, Гренландиянинг миллий хавфсизлик ва «эркин дунё»ни ҳимоя қилишдаги стратегик аҳамиятига ишора қилиб, орол Қўшма Штатлар таркибига кириши кераклигини бот-бот такрорлаб келади.

Гренландия 1953 йилгача Дания мустамлакаси бўлган. Орол ҳамон Даниянинг бир қисми ҳисобланади, аммо 2009 йилда ўзини ўзи бошқариш ва ички сиёсатни мустақил белгилаш имкониятига эга бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг