Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Германия Украинага узоқ масофали ракеталар етказиб беришга тайёр – Мерц

Германия Украинага узоқ масофали ракеталар етказиб беришга тайёр – Мерц

Германия Украина қуролли кучларини узоқ масофадан зарба бериш имкониятига эга ракеталар билан таъминлаш борасида янги босқичга ўтиши мумкин. Бу ҳақда Германия канцлери Фридрих Мерц Берлинда Швеция бош вазири Ульф Кристерссон билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

Матбуот вакилларининг саволларига жавоб берган канцлер узоқ масофали ракета тизимлари масаласида очиқ баёнот берган, аммо Taurus ракеталарини Украинага бериш ҳақидаги аниқ саволдан қочган.

«Биз Украин армиясини тегишли узоқ масофали имкониятга эга тизимлар билан таъминлаш учун қўлимиздан келган барчасини қилмоқдамиз. Агар зарур бўлса, бу яқин ҳафта ёки ойларда амалга ошиши мумкин. Ҳатто бундай тизимларнинг ўзини Украинада ишлаб чиқариш режалари ҳам йўқ эмас», – деган Мерц.

Мерцнинг бу баёноти Германиянинг Украинага узоқ масофали қуроллар масаласидаги позициясида жиддий ўзгариш қилиши мумкин.

Чунки унинг собиқ ҳамкасби Олаф Шолц Taurus ракеталарини Киевга беришни қатъий рад этар ва буни Германиянинг Украинадаги урушга бевосита тортиб кетилиши хавотири билан асослар эди. У бундай турдаги ракеталарнинг 500 км гача етадиган масофаси Россия ҳудудига зарба бериш имконини оширишини, бу эса Берлин учун хавфли сценарий ҳисобланишини айтган.

Мерц эса мамлакат сиёсатида фаолроқ, қатъийроқ ёндашув намоён қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Германия – на фақат етказиб берувчи, балки зарурат туғилса, Украина ҳудудида қурол ишлаб чиқаришни ташкиллаштирувчи ҳам бўлиши мумкин.

Анжуманда иштирок этган Швеция бош вазири ҳам Украинани қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади. Швеция НАТОга қўшилганидан сўнг, Украина масаласида янада фаол позицияга эга ва Берлин билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёрлигини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг