Германиядаги ҳарбий музей 26 та давлат, жумладан Ўзбекистон фуқароларига ҳам киришни тақиқлади
Германиянинг Кобленц шаҳрида жойлашган ҳарбий техника музейи 26 давлат фуқаролари, жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун киришни тақиқлади.
Музей маълумотига кўра, киритилган чекловлар Германияда амалда бўлган хавфсизликни текшириш тўғрисидаги қонун талаблари билан боғлиқ. Гап шундаки, мазкур музей оддий экспозиция эмас – у Германия қуролли кучлари (Бундесвер) тизимига қарашли объект ҳисобланади.
Шу сабабли, музей ҳудуди айрим ҳарбий технологиялар, техника намуналари ва стратегик аҳамиятга эга маълумотларни ўз ичига олиши мумкин.
Қонунга кўра эса хавфсизлик нуқтаи назаридан «хатарли» ёки қўшимча текширув талаб этиладиган давлатлар рўйхати шакллантирилган. Мазкур рўйхатга кирган мамлакатлар фуқароларига бундай объектларга эркин кириш чекланиши мумкин.
Яъни чеклов аниқ бир давлатга қарши эмас, балки умумий хавфсизлик сиёсати доирасида қабул қилинган қарор ҳисобланади.
Тақиқ қўйилган давлатлар қаторига Афғонистон, Жазоир, Арманистон, Озарбайжон, Беларусь, Хитой, Грузия, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, КХДР, Куба, Лаос, Ливан, Ливия, Молдова, Покистон, Россия, Судан, Сурия, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Ўзбекистон ва Вьетнам киритилган.
Мазкур музей Европадаги энг йирик ҳарбий техника коллекцияларидан бири ҳисобланади. У 1960-йилларда ташкил этилган бўлиб, 1982 йилдан буён Кобленц шаҳрида фаолият юритиб келмоқда.
Экспозицияда турли даврларга оид ҳарбий техника намуналари жамланган. Улар орасида Биринчи жаҳон уруши даврида ишлаб чиқилган француз танки Renault FT 17, Германиянинг Leopard 1 танки, шунингдек НАТОга тегишли техника намуналари ҳам бор.
Шунингдек, музейда ўқотар қуроллар, артиллерия тизимлари, ракеталар ва бошқа ҳарбий жиҳозлар ҳам намойиш этилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter