Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил вазири Фаластин раҳбариятини ўлдиришга чақирди

Исроил вазири Фаластин раҳбариятини ўлдиришга чақирди

Фото: AA

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббосни ҳибсга олиш ва Фаластиннинг юқори мартабали мулозимларини йўқ қилишга чақирди. Радикал кайфиятдаги вазир БМТ томонидан Фаластин давлатининг тан олиниши Исроил хавфсизлигига зид дея иддао қилган.

“Агар улар Фаластин террорчи давлатини тан олиш жараёнини тезлаштиришса ва БМТ Фаластин давлатини тан олса, Фаластин маъмуриятининг юқори мартабали мулозимларини мақсадли равишда ўлдиришга буйруқ бериш керак. Шунингдек, Абу Мазенни (Фаластин президенти Маҳмуд Аббос назарда тутилмоқда – таҳр.) ҳибсга олиш лозим, унинг учун Кециот қамоқхонасида қоронғи камера ҳозирлаб қўйилган”, – деган Итамар Бен-Гвир.

Таҳлилчиларга кўра, Исроил ҳукумати мустақил Фаластин давлати тузиш ғоясига тиш-тирноғи билан қарши чиқмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2024 йил 18 июль куни Исроил парламентида кўпчилик овоз билан Фаластин давлати ташкил этилишини рад этувчи қарор қабул қилинди. Кнессет қарорига халқаро ташкилотлар етакчилари, жумладан, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш эътироз билдирди. Бош котиб таъкидича, 1967 йилги чегараларда, пойтахтлари Қуддус бўлган мустақил, суверен ва демократик икки давлат мавжудлиги минтақада барқарорлик ўрнатишнинг ягона оқилона йўли саналади.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу жорий йил 11 сентябрь куни Фаластин давлати тузилмаслиги учун қўлидан келган барча чораларни ишга солишини айтган.

Ҳозирга қадар БМТга аъзо мамлакатларнинг 150 га яқини Фаластинни давлат сифатида тан олган. Хусусан, жорий йил сентябрь ойида Фаластин давлатчилигини эътироф этган мамлакатлар сафига Франция, Буюк Британия, Канада, Португалия ва Австралия қўшилган.

Жорий йил 12 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясида Исроил – Фаластин зиддиятини икки давлат тамойили асосида ҳал этиш кўзда тутилган декларация кўпчилик овоз билан қабул қилинган эди. Моҳият эътиборига кўра Фаластин давлат тузилишини ёқловчи мазкур ҳужжатни 142 давлат, жумладан, Ўзбекистон қўллаб-қувватлади.

Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир аввал ҳам ғайриқонуний, ғайриахлоқий баёнотлар бергани маълум. У, жумладан, Ғазо секторидаги 2,3 миллион аҳолини бошқа ҳудудларга сургун қилиш режасини тарғиб қилиб келади.

Жорий йил июнь ойида Буюк Британия, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва Норвегия Итамар Бен-Гвир ҳамда Исроил молия вазири Бецалель Смотричга қарши санкция жорий қилди.

2024 йили Axios нашри АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Исроил вазирлари Итамар Бен-Гвир ва Бецалель Смотричга нисбатан санкция қўллаш имкониятини муҳокама қилгани, аммо пировардида бунга журъат қилмагани ҳақида хабар берганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг