Маскат–Тошкент йўналишида тўғридан тўғри рейслар йўлга қўйилади
Ўзбекистон элчиси Абдусалом Ҳотамов Ўмон мерос ва туризм вазири Саййид Иброҳим бин Саид ал-Бусаидий билан учрашув ўтказди. Унда икки мамлакат ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, туроператорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда 2026 йил 1 июндан Маскат–Тошкент йўналишида тўғридан тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши маълум қилинди. Томонлар бу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада фаоллаштиришига ишонч билдирди.
Саййид Иброҳим ал-Бусаидий сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида туризм ҳамда маданий соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидлади. У Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида сайёҳлар сони ортиб бораётганини юқори баҳолади.
Вазирга кўра, янги авиақатнов очилиши ўзаро сафарлар географиясини кенгайтиради ва туризм бозорида янги имкониятлар яратади. Бу эса икки давлат иқтисодий алоқаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Президентининг Ўмонга бўлажак ташрифи арафасида Маскат шаҳрида мамлакатнинг туризм салоҳиятига бағишланган «Road Show» тадбирини ўтказиш ташаббуси қўллаб-қувватланди.
Музокараларда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, икки мамлакатда фотокўргазмалар ташкил этиш таклифи маъқулланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter