Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Москва Киевни Путин қароргоҳига ҳужумда айблаяпти. Бу Киевга ҳужум учун баҳона бўлиши мумкин

Москва Киевни Путин қароргоҳига ҳужумда айблаяпти. Бу Киевга ҳужум учун баҳона бўлиши мумкин

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина Россия президентининг Новгород вилоятидаги Валдайда жойлашган давлат қароргоҳига дронлар ёрдамида ҳужум қилганини даъво қилди. Бироқ Лавров бу даъволарга ҳеч қандай далил келтирмаган.

«Медуза»нинг ёзишича, бу маълумотга мустақил тасдиқлар ҳам мавжуд эмас.

«2025 йил 28 декабрдан 29 декабрга ўтар кечаси Киев режими узоқ масофага учувчи 91 та дрон ёрдамида Новгород вилоятида жойлашган Россия президентининг давлат резиденциясига террористик ҳужум уюштирди», – деди Лавров Москвада журналистларга.

Унинг айтишича, ҳалок бўлганлар ёки етказилган зарар ҳақида маълумот йўқ.

Россия Мудофаа вазирлиги эса Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 91 та украин дронини уриб туширганини маълум қилди. Улардан 41 таси Новгород вилояти, 49 таси Брянск вилояти ва биттаси Смоленск вилояти устида йўқ қилингани айтилди.

Лавров Россия бу ҳодисага жавоб қайтаришини билдирди:

«Бундай аҳмоқона ҳаракатлар жавобсиз қолмайди. Қарши зарбалар бериладиган объектлар ва уларнинг вақти Россия Қуролли кучлари томонидан аниқлаб қўйилган», – деди у.

Шунингдек, у Россия АҚШ билан музокаралардан чиқмаслигини, бироқ позиция қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

«Биз АҚШ билан музокара жараёнидан чиқишни режалаштирмаяпмиз. Аммо давлатга нисбатан терроризми сиёсатига ўтган жиноий Киев режими шароитида Россиянинг музокара позициялари қайта кўриб чиқилади», – деди Россия ТИВ раҳбари.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг сўзларига кўра, Владимир Путин бу ҳақда 29 декабрь куни телефон орқали АҚШ президенти Дональд Трампни ҳам хабардор қилган. Ушаковнинг айтишича, Трамп ушбу хабардан шокка тушган ва «бундай ақлдан озган ҳаракатларни тасаввур ҳам қилмаганини» билдирган.

Ўз навбатида, Украина президенти Владимир Зеленский Лавровнинг баёнотини «Россиянинг навбатдаги ёлғони» деб атади. Унинг фикрича, Москва буни Киевга зарба бериш учун баҳона сифатида ишлатмоқчи.

«Бу Россиянинг навбатдаги ёлғони. Кеча (28 декабрь) Трамп билан учрашув бўлиб ўтди. Улар билишадики, агар бизнинг АҚШ билан муаммоларимиз бўлмаса, бу – Украина учун яхши ва россияликлар учун мағлубият. Улар урушни тугатишни истамайди ва босим орқалигина бунга мажбур бўлиши мумкин. Шу сабабли, улар бунга баҳона қидирди», – деди Зеленский журналистларга.

У Россия баёнотларини «жуда хавфли» деб атаб, бу АҚШ ва Украина ўртасидаги тинчликка эришиш бўйича ютуқларни йўққа чиқариши мумкинлигини айтди.

«Россияликлар қандайдир резиденцияга зарба берилгани ҳақида очиқдан-очиқ сохта хабар ўйлаб топди. Бу уларга Украинага, жумладан Киевга зарба бериш ва урушни тугатиш бўйича зарур қадамлардан бош тортишга баҳона учун керак», – деди у.

Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ҳам бу ҳодисани «сохталаштирилган» деб атаб, Россия бундан фақатгина Украинага қарши янги ҳужумлар учун сохта асос яратиш ва тинчлик жараёнини издан чиқариш мақсадида фойдаланаётганини айтди.

Унинг таъкидлашича, Украина Россия ҳудудида фақат қонуний ҳарбий объектларга, Россиянинг Украинага берган зарбаларига жавоб тариқасида зарба беради.

АҚШ президенти Дональд Трамп эса Оқ уйда Исроил делегацияси билан учрашув олдидан журналистлар билан мулоқотда ушбу мавзуда фикр билдирди. Унинг айтишича, бу ҳақда у Владимир Путиндан 29 декабрь куни бўлиб ўтган телефон суҳбати чоғида эшитган.

«Бу менга ёқмади. Бу ёмон. Бугун эрталаб билдим, президент Путин менга ҳужумга учраганини билдирди. Бу ёмон. Эслатиб ўтаман, мен Украинага «Томагавк» ракеталари етказиб беришни тўхтатганман, чунки мен бундай ҳолат юзага келишини истамаганман», – деди Трамп.

Унинг қўшимча қилишича, ҳодиса жуда нозик паллада содир бўлган.

«Ҳозир бунинг мавриди эмас. Уруш доирасида ҳарбий ҳаракатлар бошқа масала, лекин давлат раҳбарининг шахсий резиденциясига ҳужум бу – бутунлай бошқа, хавфли босқич. Бундай қилиш мумкин эмас. Буни мен президент Путиндан эшитдим ва бу мени жуда ғазаблантирди», – деди АҚШ президенти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг